ДХР ва ЛХРни тан олган Сурияга санкциялар кучайтирилади – Зеленский

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат шарқидаги Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олиш қароридан кейин Сурия билан барча муносабатларни узишини, ушбу мамлакатга нисбатан санкциялар босимини кучайтиришини айтди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган. 

“Россия барибир Суриядан Донбассдаги ишғол тузилмалар тан олингани ҳақида баёнот олди. Бундай вазиятда Сурия билан ҳеч қандай алоқалар қолмайди, аксинча, мамлакатга нисбатан санкциялар босими янада кучаяди”, дейди у.

Маълумот ўрнида, 2016 йилда Украинанинг Суриядаги элчихонаси Яқин Шарқдаги ушбу мамлакатдаги қуролли можаро муносабати билан Ливанга эвакуация қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, Сурия Араб Республикаси Украина шарқидаги Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Сурия ТИВ маълумотларига кўра, алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, дипломатик муносабатлар ўрнатиш бўйича асосларни келишиш учун ДХР ва ЛХР билан алоқалар ўрнатилади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг