Чернобиль АЭС Украина назоратига ўтди – МАГАТЭ
Олам
−
01 Апрель 2022
9850Чернобиль атом электр станциясини (ЧАЭС) назорат қилувчи Россия кучлари объект устидан назоратни Украина томонига топширди. Бу ҳақда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) бош директори Рафаэль Гросси маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Киев МАГАТЭга Россия кучлари “атом электр станцияси устидан назоратни ёзма равишда украиналик ходимларга топширгани” ҳақида маълум қилган. Гроссининг таъкидлашича, Украина томонининг маълумотларига кўра, Чернобиль участкасида ҳали ҳам россиялик ҳарбийлар бор.
Аввалроқ МАГАТЭ бош директори яқин кунларда ташкилот ёрдам кўрсатиш учун ЧАЭСга биринчи миссияни жўнатишни режалаштираётганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, МАГАТЭ бу борада Киев билан яқин маслаҳатлашувлар олиб бормоқда.
25 февраль куни Украинадаги уруш давомида Россия Ҳаво-десант кучлари бўлинмалари Чернобиль ҳудудини тўлиқ назоратга олганди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, АЭС алоҳида қўриқлаш батальонининг украиналик ҳарбий хизматчилари билан энергия блоклари ва станция саркофагини биргаликда қўриқлаш бўйича келишувга эришилган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси