Бу етарли эмас – Зеленский Россияга қарши яна санкция сўраяпти

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Украина шаҳарларини ўққа тутиш 16 кундан бери давом этаётгани сабабли Россияга қарши санкцияларни етарли эмас деб ҳисоблайди. Бу ҳақида у ўзининг навбатдаги мурожаатида айтган. 

Зеленскийнинг фикрича, Россия бошлаган уруш учун жавоб бериши керак. 

“Агар бу (Украина шаҳар ва қишлоқларини ўққа тутиш - таҳр. ) давом этса, демак, бу санкциялар пакетлари етарли эмаслигини англатади. Умид қиламанки, биз бу борада ишлаяпмиз, бугун ҳам шерикларимиздан янги санкциялар қарорлари қабул қилинади. Россия бу урушнинг бадалини тўлаши, ҳар куни тўлаши керак”, дейди давлат раҳбари. 

Президент Украина Россияга қарши урушда бурилиш нуқтасини аллақачон босиб ўтганини айтди. 

Унинг фикрича, олдинга ягона йўл – ғалаба қозониш.  

“Еримизни озод қилишимиз учун ҳали неча кун борлигини айтиш қийин. Лекин биз буни уддалаймиз, дейишимиз мумкин. Чунки биз бунга интиламиз. Чунки биз аллақачон стратегик бурилиш нуқтасига эришдик, биз аллақачон мақсадимиз, ғалабамиз сари интиляпмиз”, дейди Зеленский.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 март куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден Вашингтон Россиядан барча турдаги энергия импортига тақиқ қўйишини маълум қилди. АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси 9 март куни Россиядан энергия ресурслари импортини тақиқлаш ва АҚШ расмийлари томонидан Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотидаги (ЖСТ) иштирокини тўхтатиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

Шунингдек, 8 март куни дунёнинг энг йирик нефть ва газ компанияларидан бири Shell Россия нефть ва газидан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатаётганини маълум қилди. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Зеленский Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг