“Бу миллатнинг китоб ўқимаслиги кимга керак?” – 28 яшар нашриёт раҳбари билан суҳбат
Интервью
−
14 Март 2020
37642Китоб ўқиш – инсон тафаккурининг озуқасидир. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз нутқларида бир неча таъкидлаган.
“Китоб ўқиган, ўзини устида ишлаган одамда қанот бўлади. У бефарқ бўлмайди. Унинг кучи билимида бўлади. Шунинг учун ҳеч кимни писанд қилмайди. “Катталар”га хушомад қилмайди. Унинг билими бор, илми бор. Мана нима учун китоб ўқинглар деймиз. Китоб ўқисангиз савол беришни биласиз”, деган эди давлат раҳбари.
Президент томонидан китоб мутоласи муҳимлиги, ёшлар, раҳбарлар орасида буни тарғиб қилиш лозимлиги ҳақида кўп бора айтилди, айтилмоқда. Давлат раҳбари томонидан Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг биттаси айнан китобхонликка қаратилган бўлиб, у ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.
Аммо, давлат раҳбарининг топшириқлари, қабул қилинаётган ҳужжатлар, оташли нутқларнинг амалий натижаси қандай? Амалда ҳам бу талабларга жавоб берадиган қонунлар ишлаяптими?
Хабарингиз бор, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси нормалари жорий йил 1 апрелидан бошлаб кучга киради. Унда китоб саноати ижтимоий жиҳатидан долзарб ва стратегик соҳа бўлишига қарамай, бошқа бизнеслар қатори солиққа тортилиши белгиланмоқда.
QALAMPIR.UZ мавзунинг долзарблиги боис ушбу масала юзасидан тегишли мутахассислар билан интервьюлар ташкил қилишни бошлади.
Бу сафарги суҳбатдошимиз “Davr press” нашриёт-матбаа уйи асосчиларидан бири Дониёрхон Тўрахонов бўлди.
НОҚОНУНИЙ “КОНТРАФАКТ”ЧИЛАР
— Айни вақтда мамлакатимизда китоб саноати қай ҳолатда?
— Президент Шавкат Мирзиёев эътибор қаратгандан сўнг, соҳа икки қадам олдинга кетди. Буни тан олиш керак, албатта. Ўзбек тилидаги бадиий-адабий китоб базасига 100га яқин янги китоблар қўшилди. Одамларда қандайдир уйғониш бўлди. Одамларда “Китоб турганда нега мен болаларимга машина олиб беришим, тўйини қилиб беришим, энг зўр кийимларни олиб беришим керак? Аввало, уларга илм бериш керак-ку”, деган фикр пайдо бўлди. Лекин, ишонч билан айта оламанки, натижа Президентимиз хоҳлаган даражада эмас.
Китоб саноатида муаммолар жуда кўп. Қийнайдиган масалалардан бири – ўзбек китоб базаси. Тарихан олиб қараганда бизда китоб бойлиги жуда буюкдир. Афсуски, фақат ўша базадан фойдаланамиз. Янги база йўқ. Тоҳир Малик, Абдулла Орипов каби кўп ёзувчилар билан гаплашганман... Ҳозирги ёш ёзувчилар билан гаплашганда сўраймиз: “Қандай асар ёзгансиз?”. Лотин Америкасида бўлиб ўтган воқеа бўйича детектив асар ёзганини айтади. Гонорар ва бошқа масалаларда келишамиз. Муаммо бошланади. Китобларни тарқатишдаги механизмларда муаммога дуч келамиз. Китобхон кўп бўлса, китоб сотиб фойда оласиз. Фойдани ёзувчи ва нашриёт кўради, одатда. Нашриёт тушган маблағга янги лойиҳаларни амалга оширади. Сиз бозорга янги китоб чиқарсангиз, баъзи гаплар қулоққа чалинишни бошлайди: “фалончи жойда ўша китобни арзонроқ нархда кўрдик”.
Ҳар бир китобни босиб чиқаришда ўз стандартлари бўлади. Шу бўйича чиқарсангиз, ўзига яраша маблағ талаб қилади. Бу китоб нархига таъсир қилади. Баъзи ноқонуний фаолият юритувчи “контрафактчи”лар ўғринча китобни босиб чиқармоқда. Табиийки, харажат қилмагани учун бу уларга арзонга тушмоқда ва китоблари ҳам арзон сотилмоқда.
МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИНИНГ ҲИМОЯСИЗЛИГИ
Китоб саноати тадбиркори Дониёрхон Тўрахонов китоб савдосида интеллектуал мулк ҳимояси талаб даражасида эмаслигини айтмоқда.
— Контрафакт ҳолатларга дуч келсак, бу ҳақда тегишли ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга мурожаат қиламиз. Улар маълум муддатда кўриб чиқиб, қонуний жавоб беришини айтишади. Бу чуқур маъноли гап – “қонуний кўриб чиқамиз”. Сўнгра, қонунбузарлик исботланмагани айтилади. Чунки, қонунчиликда бу масалада аниқ механизм ишлаб чиқилмаган.
Нашриётларни ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладиган платформа шаклланмаган. Агар бирорта босмахонада қалбаки пул босилаётгани аниқланса, дарровда чораси кўрилади. Интеллектуал мулк бўйича китоб босувчилар ҳуқуқи бузилса, бунга жиддий эътибор берилмайди. Ачинарли ҳолат. Мутасаддилар шикоятингизни чиройли қилиб қайтариб юборишади. Битта мурожаатимиз билан Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти шуғулланяпти. Раҳмат уларга. Биз ҳамма маълумотни ўзимиз тақдим этяпмиз. 1,7 миллиард сўмлик лойиҳадан 1,2 миллиард сўм зарар кўрганмиз.
НАШРИЁТЛАРНИНГ АСЛ ҲОЛАТИ
— Мамлакатда нашриётлар ҳолати қандай?
— Масалан, Тожикистондан олдиндамиз. Улар Туркиядан нашр қилиб олиб келишади. Қирғизистонда эса ҳамма нашриётлар банкрот ҳолатида, чунки Хитойдан арзон нархда китоблар кириб келмоқда. Россияда 2008 йилда 3-4 минг атрофида китоб дўкон бўлган. Руслар жуда катта китоб базасига эга. Агар уларнинг китобларини бир йўлакка терсак, 100 километрдан ортади. Бу Гиннесс рекордлар китобида қайд этилган. Лекин соҳа 2016 йилдан бошлаб Россияда уч марта қисқарган. Сабаб: солиқлар, китоб саноатига бўлган имтиёзлар йўқ қилиниши, юқоридаги “контрафактчи”лар... Ўтган йил ҳисобига руслар 55 миллиард рубль зарар кўрган. Ҳозирги вақтда Россия ҳукумати қатъий чоралар кўрмоқда. Китоб дўконлари учун ажратилган ерларга солиқ имтиёзлари, ижара ҳақига имтиёзлар берилган. Бу Россия Президенти Владимир Путин томонидан алоҳида таъкидланди. Одамлар йиғиладиган ижтимоий ҳудудларда китоб дўкони бўлиши шарт қилиб белгиланди.
Агар дорихоналар кўп бўлса, касаллар кўп бўлади. Агар китоб дўкон кўп бўлса, китобхонлар сони ортади. Олам шундай механизм билан яратилган. Одам китоб ўқиса, руҳияти шаклланади. Китоб миядаги ишламаган тўқималарни ишлатади. Битта китобни ўқиб маънан озуқа олса, у одам олимга тенг. Чунки, у энди тўхтамайди.
Бизда нашриётлар янги китоб нашр қилишга қўрқади. Битта муаллиф китоби турли нашриётларда турлича кўринишда чиқади. Айтайлик, битта китобни таржима қилдингиз ва у учун мутасадди вазирликдан рухсат олишингизнинг ўзи алоҳида муаммо. “Asaxiy.uz” электрон савдо дўкони бор. Шу йигитларга раҳмат. “1984” номли китобни таржима қилишди, босиб чиқаришди. Китоб базаси битта китобга бойиди. Ўйлайманки, ҳамма нашриётлар шундай ҳаракат қилса, 3 йилда ўзбек китоб базаси 2 мингдан ортади.
ҚҚСНИ ЯРАТГАНЛАРДА ҲАМ КИТОБГА СОЛИҚ ЙЎҚ
— Янги Солиқ кодексида китоб саноатига имтиёз берилмаган. 1 апрелдан бу жорий қилинади. Бу солиқ тартиби туфайли бизни келажакда нималар кутмоқда?
— Жаҳон тажрибасидан андоза олаётганимиз бизни хурсанд қилади, албатта. Лекин ачинарли томони, ўша ҚҚС тизими билан ишлайдиган ва шу тизимни яратган давлатларда ҳам китоб саноатига солиқ йўқ. Китоб савдоси, яъни китоб дўкони, босмахоналар, нашриётлар ишлаши – бу ижтимоий соҳа. Бундай давлатларда, аксинча, китоб савдоси миллий маданият даражасига олиб чиқилган. Чунки бу жамиятнинг тўғридан-тўғри онггига таъсир қиладиган соҳа.
Китоб савдосида тааллуқли ҳамма солиқларни олиб ташлаш керак. Ҳаттоки, айнан китоб ишлаб чиқариш учун зарур хомашёларга ҳам имтиёзлар белгиланиши керак. Китоб бозорини прогноз қиладиган бўлсак, китоб нархлари ошади. Агар бизга ақлли жамият керак бўлса, бу қилаётган ишимиз ўз мақсадимизга зид. Бу ўзи бизнесдир балки, лекин моҳияти ижтимоий соҳа ҳисобланади.
ҚҚС қўйилганидан сўнг, кўпчилик ноқонуний китоб босишга ўтиб кетиши мумкин. Чунки, битта китоб босувчи ускунада қанча китоб босаётганини ҳисоблаб чиқишнинг иложи йўқ-ку. Бу соҳага солиқ бўйича имтиёз берилиши учун механизм ишлаб чиқилиши керак. Бу эса қўшимча иш. Осонгина солиқ солиб қўя қолишган. Президентимиз амалга ошираётган ислоҳотларни айрим жойлардаги амалдорлар орқага тортяпти.
Таҳририят: Маълумот ўрнида, Шавкат Мирзиёев китоб мавзусига кўп бора тўхталган ва яратилган шароитлар талаб даражасида эмаслигини айтиб танқид қилган.
Шу ҳолатларни ҳисобга олиб, Президент Шавкат Мирзиёев мутасадди вазирлик ва уюшмаларга “Китоб карвони” лойиҳаси доирасида бадиий, маърифий, ижтимоий мавзуларда китоблар чоп этиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларга 1 миллион нусхадан кам бўлмаган миқдорда етказиб бериш бўйича топшириқ берган эди.
Шундан сўнг, давлатнинг юқори мулозимлари орасида #kitobchallenge бошланди. Бош вазирдан тортиб, агентлик раҳбарлари, бўлим бошлиқларигача ўзи ўқиган мактабга бориб, кутубхонага китоб тақдим этиш бошланди. Аммо, бу ҳам узоққа бормади.
Китоб тарқатиш, китобхонликни тарғиб қилиш ижобий ҳолатдир. Бироқ, китобнинг сони кам бўлса ва нархи баланд бўлса, қандай қилиб одамлар, ёшлар китобхонлигини оширишда мақтана оламиз? Китоб савдосига кучли жамиятга эга, ривожланган давлатларда ҳам солиқ имтиёзлари берилган вақтда, нега биз Янги Ўзбекистон даврида аҳоли онгига болта уришимиз керак?
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь