Бош прокуратура Тошкентда аёл 7 яшар қизини пичоқлаб ўлдирганини тасдиқлади

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида аёл 7 яшар қизини пичоқлаб ўлдиргани хабар қилинганди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот котиб Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди. 

Унинг маълум қилишича, Тошкент шаҳрининг Сергели туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро З.Т. воқеа содир бўлган куни ўзини ноодатий тутиб, ошхонада турган ўткир тиғли жисм (ошхона пичоғи) билан қуролланиб, 2018 йилда туғилган фарзанди З.А.га тан жароҳатлари етказган. Қизалоқ олган олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат бўйича жорий йилнинг 8 сентябрь куни Сергели туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи аёл Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 28 январь куни ҳам Тошкент ҳайвонот боғида шу аёл ва унинг қизи иштирокида мудҳиш ҳодиса юз берганди. Соат тахминан 12:00 ларда ёш аёл номаълум сабабларга кўра одамларнинг кўз олдида ўз қизини айиқ қафасига ташлаб юборган. Айиқ қизалоққа зарар етказмаган. Ҳайвонот боғи ходимлари айиқни ички хонага олиб киришга муваффақ бўлган.

2018 йилда туғилган қизалоққа дастлаб ҳайвонот боғи ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг, тез ёрдам машинасида соат 13:30 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Ўшанда аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Прокуратура қизини айиқ қафасига улоқтирган она 2021 йилнинг июль ойидан буён руҳий асаб касалликлари диспансерида рўйхатда туришини маълум қилган. Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси эса аёл олий таълим муассасасида дарс беришини ва турмуш ўртоғи билан ажраётганини очиқлаган. Ўша йилнинг апрель ойида аёл Жиноят кодексининг оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилишни назарда тутувчи моддаси бўйича айбдор деб топилиб, руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий даволанишга юборилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Сергели аёл қиз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг