Қизини айиқ қафасига ташлаган аёлга ҳукм ўқилди

Жамият

image

Тошкент ҳайвонот боғида қизини айиқ қафасига ташлаб юборган аёл Тошкент Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлари шифохонасида мажбурий даволанади. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

Қайд этилишича, бугун, 18 апрель куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган З. Тўлаганова (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) га тиббий йўсиндаги мажбурлов эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини ҳал қилишга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ўз ниҳоясига етган. 

Эълон қилинган суд ажрими билан З. Тўлаганова ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган, деб топилиб, унинг Тошкент Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлари шифохонасида мажбурий даволаниши белгиланган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 январь куни Тошкент ҳайвонот боғида юз берган мудҳиш ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлди. Соат тахминан 12:00 ларда ёш аёл номаълум сабабларга кўра одамларнинг кўз олдида ўз қизини айиқ қафасига ташлаб юборган.

Айиқ қизалоққа зарар етказмаган. Ҳайвонот боғи ходимлари айиқни ички хонага олиб киришга муваффақ бўлишган.

2018 йилда туғилган қизалоққа дастлаб ҳайвонот боғи ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатади. Шундан сўнг тез ёрдам машинасида соат 13:30 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.

Ҳайвонот боғи маъмуриятига кўра, 3 ёшли қизалоқ интенсив терапия хонасига кўчирилган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “в” банди (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Прокуратура қизини айиқ қафасига улоқтирган она руҳий 2021 йилнинг июль ойидан буён руҳий асаб касалликлари диспансерида рўйхатда туришини маълум қилди.

Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси эса аёл олий таълим муассасасида дарс беришини ва турмуш ўртоғи билан ажраётганини очиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

561

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг