Қизини айиқ қафасига улоқтирган она руҳий касаллиги айтилди

Жамият

image

Тошкент ҳайвонот боғида она 3 ёшли қизини айиқлар вольерига ташлаб юборганлиги билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бош прокурорнинг Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди. 

Қайд этилишича, иш бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилинган аёл 2021 йилнинг июль ойидан буён руҳий асаб касалликлари диспансерида рўйхатда турган.

Айбланувчининг жиноят содир қилган пайтдаги руҳий ҳолатини аниқлаш юзасидан тергов органи томонидан суд-психиатрия экспертизаси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 январь куни Тошкент ҳайвонот боғида юз берган мудҳиш ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлди. Соат тахминан 12:00 ларда ёш аёл номаълум сабабларга кўра одамларнинг кўз олдида ўз қизини айиқ қафасига ташлаб юборган.

Айиқ қизалоққа зарар етказмаган. Ҳайвонот боғи ходимлари айиқни ички хонага олиб киришга муваффақ бўлишган.

2018 йилда туғилган қизалоққа дастлаб ҳайвонот боғи ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатади. Шундан сўнг тез ёрдам машинасида соат 13:30 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.

Ҳайвонот боғи маъмуриятига кўра, 3 ёшли қизалоқ интенсив терапия хонасига кўчирилган.

Ҳозирда ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “в” банди (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

246

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг