БМТ миссияси Нигердаги исёнчилар билан учрашди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг махсус вакили Леонардо Сантош Шимао бошчилигидаги БМТ миссияси кеча, 18 август куни Нигер пойтахти Ниамейга етиб борди ва у ерда исёнчилар билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда RFI радиостанцияси хабар берди.

Айтилишича, делегация аъзолари исёнчилар томонидан тайинланган бош вазир, мудофаа вазири ва ички ишлар вазирлиги раҳбари билан учрашган.

Манбага кўра, Африка Иттифоқи ва Ғарбий Африка Иқтисодий Жамияти (ECOWAS) вакиллари БМТ делегацияси таркибига киритилмаган.

Узоқ давом этган учрашувда қўзғолончилар ўзларига қарши қўлланилган “ноқонуний ва ғайриинсоний” иқтисодий санкцияларни қоралаган. Шунингдек, улар Нигер Президенти Муҳаммад Базумнинг аҳволи яхши экани, уни кузатиб туришгани ва унга керак бўлган ҳамма нарса билан таъминланганини таъкидлаган. 
БМТ миссияси Ниамейда фаолиятини давом эттирмоқда, бугун, 19 август куни ҳам бошқа учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 июль куни Нигер президент гвардиясининг бир гуруҳ ҳарбийлари (кейинчалик уларга мамлакат Қуролли кучлари қўмондонлиги ҳам қўшилди) Президент Муҳаммад Базумни қўлга олганди. Президент гвардияси бошлиғи Абдураҳмон Чиани ўзини янги давлат раҳбари, деб эълон қилди. Базумнинг ағдарилиши БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Африка Иттифоқи томонидан қораланган. Базум эса АҚШ ва жаҳон ҳамжамиятига мамлакатда конституциявий тузумни тиклашга ёрдам бериш илтимоси билан мурожаат қилди.

Жорий йилнинг 30 июль куни Ғарбий Африка Давлатлари Иқтисодий Ҳамжамиятининг (ECOWAS) аъзолари Абужадаги саммитда Нигердаги давлат тўнтаришини қоралади ва исёнчиларга конституциявий бошқарувни тиклаш учун бир ҳафта муҳлат берди. Агар талаб бажарилмаса, куч ишлатиш билан таҳдид қилди. Кейинчалик Нигернинг Париждаги элчиси ECOWAS’га аъзо давлатлар Нигерда ҳарбий операцияга тайёргарлик кўраётганини айтди. Бугун, 19 август куни эса ECOWAS Нигердаги вазиятга ҳарбий аралашуви бошланишининг аниқ санасини белгилади.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ давлат тўнтариши Нигер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг