Биз тайёрмиз, Украинадан жавоб кутяпмиз – Лавров

Олам

image

Россия ва Украина ўртасидаги музокараларнинг учинчи раунди қачон ўтказилади. Айни кунларда долзарб бўлиб турган саволга Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров жавоб берди. Унинг қайд этишича, Москва Киевдан музокараларнинг учинчи раундини ўтказиш вақти ҳақида маълумот олмаган.

“Ҳозирча биз янги муддатларни олмадик. Биз украиналик ҳамкасбларимиз яхши билишганидек, кеча кечқурундан бошлаб учинчи раундни ўтказишга тайёрмиз”, дейди Лавров.  

Унинг сўзларига кўра, Украина доимий равишда Россия Федерацияси билан музокараларнинг навбатдаги раунди бошланишини кечиктириш учун баҳоналар қилиб келади. 

Лавровнинг таъкидлашича, ҳозир вазият “ғалати кўринмоқда”. 

“Россия Украина инқирозини ҳал қилиш учун зарур деб ҳисоблаган шартларни аниқ белгилаб берди. Биз ушбу инқирозни ҳал қилиш, Шимолий Атлантика альянси аъзолари томонидан Украина ҳудудида Россия Федерациясига қарши йиллар давомида яратиб келинаётган таҳдидни бартараф этиш учун қандай шарт-шароитларни мутлақо зарур деб ҳисоблашимизни, биз Президентнинг маърузаларида ҳам, делегациямизнинг ушбу музокаралардаги нутқларида ҳам айтиб ўтдик”, дейди Лавров. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти идораси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Москва ва Киев делегациялар ўртасидаги навбатдаги музокаралар 5-6 март кунлари бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳақида гапирганди. 

Маълумот ўрнида, Россия-Украина музокараларининг иккинчи раунди 3 март куни Беловежда, биринчи раунди 28 февраль куни Беларуснинг Гомель вилоятида бўлиб ўтди.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сергей Лавров Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг