Украина-Россия музокараларининг учинчи раунди қачон ўтказилиши айтилди
Олам
−
05 Март 2022
7729Украина ва Россия ўртасидаги музокараларнинг учинчи раунди 5 ёки 6 март куни бўлиб ўтиши мумкин. Бу ҳақда Украина Президенти идораси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россия бошқа воситачи давлатларда музокара қилишдан бош тортгани учун учрашув Беларусда ўтказилади.
“Учинчи босқич эрта ёки индин бўлиши мумкин. Умид қиламизки, биз улар билан доимий алоқадамиз”, деган Подоляк кеча, 4 март куни.
Подолякнинг таъкидлашича, “балки кейинроқ бошқа давлат пайдо бўлади”, чунки Украина Туркия ёки Польшада учрашув ўтказишни хоҳлайди.
“Афсуски, Беларусь инфратузилмавий жиҳатдан бизнинг шаҳарларимизга ҳужум қилиш учун плацдарм сифатида фойдаланилмоқда”, дея қўшимча қилган у.
Подоляк, шунингдек, Украина, Россия ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакилларидан иборат гуманитар йўлакларни яратиш бўйича ишчи гуруҳ фаолияти ҳақида гапирган. Айни пайтда гуруҳ одамларни эвакуация қилиш логистикаси, шунингдек, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш масалаларини муҳокама қилмоқда.
Маълумот ўрнида, Россия-Украина музокараларининг иккинчи раунди 3 март куни Беловежда, биринчи раунди 28 февраль куни Беларуснинг Гомель вилоятида бўлиб ўтди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь