Байден Германияда. У Шольц билан Украина масаласида гаплашиб олди
Олам
−
26 Июнь 2022
10599АҚШ Президенти Жо Байден ва ФРГ канцлери Олаф Шольц “Катта еттилик” саммити арафасида Германия жанубидаги Элмау қасрида учрашди. Улар Украина муаммоларини муҳокама қилди ва Киевни қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлиги ҳақида гапирди. Бу ҳақда Оқ уйнинг учрашув якунлари бўйича эълон қилинган баёнотида айтилади.
“Раҳбарлар Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ғоясига содиқ эканликларини, шунингдек мамлакат ўз демократик тартибини Россия тажовузидан ҳимоя қила олиши учун унга ҳарбий, иқтисодий, гуманитар ва дипломатик ёрдам кўрсатишни давом эттиришларини маълум қилдилар" дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, Байден ва Шольц Украинадаги можаронинг глобал озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигига таъсирини қандай юмшатиш мумкинлигини муҳокама қилганлар.
Томонлар, шунингдек, G7 саммити бошланган Германияда Хитой билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилган. Қўшимча тафсилотлар ҳозирча берилмаган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 26-28 июнь кунлари Германия жанубидаги Гармиш-Партенкирхен (Бавария федерал штати) яқинидаги Элмау қасрида G7 етакчиларининг учрашуви бўлиб ўтади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси