Байден эртага Зеленский билан учрашади
Олам
−
11 Июль 2023
2988АҚШ Президенти Жо Байден эртага, 12 июль куни Литва пойтахти Вилнюсдаги НАТО саммити доирасида Украина раҳбари Владимир Зеленский билан учрашади. Бу ҳақда CNN ўз манбаларига таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур учрашув бирдамлик белгиси сифатида баҳоланмоқда. Боиси, шу пайтагача Зеленскийнинг ундаги иштироки сўроқ остида бўлиб турганди. Вильнюс саммитида муҳокама қилинадиган асосий мавзулар Украина уруши ҳамда ушбу мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиш истиқболлари бўлади. Шунингдек, Украинанинг қарши ҳужумини қўллаб-қувватлаш учун уни янги қуроллар билан таъминлашга ҳам эътибор қаратилади.
Зеленский саммитда қатнашиши кеча, 10 июль куни маълум бўлди. Украина раҳбари, ўзи таъкидлаганидек, Вильнюсга “ўйин-кулги” учун бормоқчи эмас. У Украинанинг альянсга аъзо бўлиши учун аниқроқ йўл излаяпти.
“НАТО Россиядан қўрқмаслигини айтиш муҳим хабар бўларди. Украина НАТОда бўлмаган тақдирда ҳам аниқ хавфсизлик кафолатларини олиши керак. Фақат шундай шароитда учрашувимиз мазмунли бўларди, акс ҳолда бу бошқа сиёсат”, дейди Зеленский ABC телеканалига берган интервьюсида.
Бироқ, АҚШ ва Германия Украинанинг айни пайтда, Россия билан можаро давом этаётган шароитда Шимолий Атлантика альянсига қўшилишини истамаяпти. Хусусан, АҚШ Президенти Жо Байден Вильнюс саммитида қатнашиш учун Европага учиб кетишидан олдин CNN мухбири Фарид Закария билан суҳбатда Украинанинг ҳозир НАТОга қўшилиши альянсни Россия билан тўғридан-тўғри тўқнашувга етаклашини айтди. Германия канцлери Олаф Шольц ҳам шу фикрда. Ушбу икки давлат НАТО саммитида Украинанинг ташкилотга аъзо бўлиш ташаббусини блокламоқчи. АҚШ, шунингдек, Украина учун бошқа, “Исроил модели”даги хавфсизлик кафолатини таклиф қиляпти.
Бундан ташқари, Украина билан бир пайтда Швециянинг ҳам НАТОга аъзолик бўйича узоқ кутилган жараёни бошланди. Шу пайтгача бу бўйича қарорга вето қўйиб келган Венгрия ва Туркия ҳам ниҳоят унинг альянсга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлайдиган бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Зеленский ва Байден сўнгги бор Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилган G-7 саммитида учрашган эди.