Америка Россияни “бўғиш” учун яна санкция ишлаб чиқмоқда
Олам
−
30 Март 2022
19602Америка Қўшма Штатлари Россиянинг таъминот занжирига алоқадор компанияларга нисбатан санкциялар жорий этиш ниятида. Бу ҳақда АҚШ Молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо кеча, 29 март куни маълум қилди.
“Биз [Россиянинг] бутун дунё бўйлаб етказиб берувчилар Россияга ёрдам бермаслигини таъминлаш учун таъминот занжири компанияларини нишонга оламиз”, деган у CNBC телеканалида Вашингтоннинг навбатдаги санкциялар ҳаракати ҳақида сўралганда.
Унинг қўшимча қилишича, ушбу қадамлар, шунингдек, Россия Федерацияси иқтисодиётини ушлаб туришга қаратилган бошқа чекловчи чоралар “дунёдаги АҚШ иттифоқчилари билан ҳамкорлик ва мувофиқлаштирилган ҳолда” амалга оширилади.
Адейемонинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар “Россия қандайдир тарзда Ғарб санкцияларини четлаб ўтганини” ҳозирча кўрмаяпти, бироқ Вашингтон РФ чекловларни енгиб ўтиш учун барча мавжуд усуллардан, шу жумладан, криптовалюталар ва сохта компаниялардан фойдаланишга тайёрлигини билади.
Аввалроқ Россия Ғарб санкцияларига жавоб чекловларининг навбатдаги пакетини тайёрлаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси