Россия навбатдаги жавоб санкцияларини тайёрлаяпти
Олам
−
30 Март 2022
19709Россия ҳукумати ташқи босимларга қарши янги жавоб санкциялар пакети устида ишламоқда. Бу ҳақда Россия Бош вазири Михаил Мишустин ҳукуматнинг Давлат думасидаги ҳисоботи арафасида Коммунистик партия фракцияси вакиллари билан учрашувда айтиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, Россия сўнгги ҳафталарда юз берган кучли ташқи босим фонида Вазирлар Маҳкамаси учун депутатлик корпуси билан яхши мувофиқликда ишлаш жуда муҳим.
"Биз устувор ҳаракатлар режасида белгиланган чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз. Уларнинг барчаси Президент билан тўлиқ алоқада ишлаб чиқилмоқда. Уларнинг баъзилари Думага боради, қатор қарорлар эса ҳукумат ҳужжатлари билан чиқарилади. Биласизми ҳозирда яна бир жавоб санкциялар пакети тайёрланяпти”, деган Бош вазир Мишустин.
Мишустиннинг тушунтиришича, Вазирлар Маҳкамаси ҳисобот олдидан қонунчилар билан “жорий режаларни биргаликда муҳокама қилиш”, уларни амалга ошириш йўлларини белгилаш ва “мавжуд вазиятда мамлакат учун энг муҳим” вазифаларни кўриб чиқиш мақсадида йиғилишлар ўтказмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь