АҚШ Украинани тиклаш учун иккинчи “Маршалл” режасини ишлаб чиқади

Олам

image

АҚШ Сенати Украинани тиклаш учун 350 миллиард доллар ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Нью-Йоркнинг 45-сайлов округи бўйича Республикачилар партияси раҳбари Борис Пинкус маълум қилди.

“Бир неча ҳафта олдин АҚШ Сенати Украинани қайта тиклаш учун 350 миллиард доллар ажратишни маъқуллади. Бу ҳали бошланиши. Бундан ташқари, барча Европа давлатларининг фаол иштирокини кўзда тутувчи Маршалл режаси ишлаб чиқилади”, дейди Пинкус.

Унинг қайд этишича, бу йўналиш янада жадаллашиши керак.

“Уруш қачон тугашидан қатъи назар, бугун Украина зудлик билан зарар кўрган минтақалар инфратузилмасини тиклаши керак. АҚШ Конгресси ҳам, Байден маъмурияти ҳам бу йўналишда ишламоқда”, дейди у.

Маршалл режаси – Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европани АҚШ ва Канаданинг иқтисодий ёрдами билан тиклаш ва ривожлантириш дастури. Бу режани 1947 йил 5 июнда АҚШ давлат котиби, генерал Ж. К. Маршалл ишлаб чиққан ва уни амалга ошириш 1948—1951 йилларга мўлжалланган. Режа доирасида Ғарбий Европа давлатларига 17 млрд доллар ёрдам берилган.

Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден 2023 йил давомида Украинага қўшимча молиявий ёрдам йўналтиришни кўзда тутган қонунни имзолаган эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг