Байден Украинага 12,4 млрд доллар ёрдам ажратишни маъқуллади
Олам
−
01 Октябрь 2022
3508Кеча, 30 сентябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден 2023 йил давомида Украинага қўшимча молиявий ёрдам йўналтиришни кўзда тутган қонунни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатда Украинага ёрдам учун жами 12,4 миллиард доллар ажратиш режа қилинган бўлиб, мамлакат ҳукуматига тўғридан-тўғри молиявий кўмак, ҳарбий техника, қурол-яроғ, моддий-техник таъминот шулар жумласидандир.
Фақатгина ҳарбий ёрдам учун 3 миллиард доллар ажратиш режалаштирилган. Ушбу маблағлар украиналик аскарларни ҳарбий техника ва қурол-яроғ билан ишлашга ўқитиш, логистика, моддий-техник таъминот, техник хизмат кўрсатиш, иш ҳақи ҳамда Украина Қуролли Кучларини разведка маълумотлари билан таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилади.
Яна 4,5 миллиард доллар Киевни иқтисодий қўллаб-қувватлашга, жумладан, ҳукуматга макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, фуқаролар учун асосий хизматларни кўрсатиш ва Украина давлат органлари ишини таъминлаш мақсадида йўналтирилиши таклиф қилинган.
Шу билан бирга, АҚШ ўз қурол-яроғ омборини тўлдириш ва илгари Украинага ёрдам сифатида юборилган ёки Вашингтоннинг иттифоқчилари томонидан расмий Киевга етказиб берилган ўқ-дорилар ўрнини тўлдириш учун жами 2,04 миллиард доллар йўналтирилиши керак.
Қолаверса, Европада жойлаштирилган АҚШ қўшинларини таъминлаш учун 2,8 миллиард доллар сарфланиши кутилмоқда. Ёрдам ажратиш доирасида маблағларнинг сарфланишини ҳисобга олиш ва назорат қилиш учун 2 миллион доллар ваъда қилинган. Яна 35 миллион доллар “Украинадаги эҳтимолий ядровий ва радиациявий ҳодисаларга тайёргарлик кўриш ва уларга жавоб бериш” учун ажратилган.
Қонун лойиҳаси 12,4 миллиард доллар янги маблағ ажратишдан ташқари, АҚШ президентига “Украина Қуролли Кучларига қўшимча устувор ёрдам кўрсатиш” учун АҚШнинг қурол-аслаҳалар омборидан 3,7 миллиард долларлик қурол-яроғ юбориш имкониятини ҳам беради.
Қонун имзолангач, бугун, 1 октябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский Twitter орқали АҚШ Президенти Жо Байденга миннатдорлик билдирди.
“АҚШ Президентига Украинага 12,35 миллиард доллар миқдорида қўшимча ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонунни имзолагани учун миннатдорлик билдираман. Қонун мудофаа дастурларини молиялаштириш, шунингдек, Украина бюджетига тўғридан-тўғри кучли ёрдамни тақдим этишни назарда тутади. Бу ёрдам бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Биз Россия Федерациясининг агрессиясига биргаликда қарши туришда давом этишимиз керак”, дейди у.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь