АҚШ Сенати Путинни ҳарбий жиноятчи сифатида қоралади

Олам

image

АҚШ Сенати Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни ҳарбий жиноятчи сифатида текшириш талаб қилинган резолюцияни бир овоздан қабул қилди.

Reuters” ва “Associated Press” хабарларига кўра, резолюция Республикачи сенатор Линдси Грэм томонидан киритилган ва ҳар икки партия сенаторлари томонидан қўллаб-қувватланган.

Резолюцияда Сенат Путин даврида Россия Қуролли Кучлари томонидан содир этилган “зўравонлик, уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар”ни кескин қоралайди.

Резолюция Гаагадаги Халқаро жиноят суди ва бошқа давлатларни Россия Президенти Владимир Путин ва унинг режими, жумладан, Россия ҳарбийлари устидан Россиянинг Украинага бостириб кириши пайтида содир этилган ҳарбий жиноятлар юзасидан тергов ўтказишга чақиради.

“Биз ҳаммамиз республикачилар ва демократлар Владимир Путин Украина халқига нисбатан содир этган ваҳшийлик учун жавобгарликдан қочиб қутула олмаслигини айтиш учун йиғилдик”, деган Сенатдаги демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 март куни БМТ Бош Ассамблеяси Россиядан Украинадаги урушни тўхтатиш ва қўшинларини олиб чиқишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилганди. Резолюция учун 141 давлат ёқлаб, беш давлат қарши овоз берди, 35 давлат бетараф қолди. Россия Федерацияси, Беларусь, Сурия, Шимолий Корея ва Эритрея қарши чиқди. Бетараф қолганлар – Хитой, Ҳиндистон, Куба, Марказий Африка Республикаси, Эрон, Ироқ, Қозоғистон, Покистон, ЖАР ва бошқалар. Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистон овоз бермаган.

Кейинроқ 4 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгаши Россиянинг ҳаракатларини қораловчи резолюция лойиҳасини қабул қилди, унда Украинадаги инсон ҳуқуқлари бузилишини текшириш учун мустақил комиссия тузиш ҳам назарда тутилган. 

Женевада икки кун давом этган навбатдан ташқари сессия якунида Кенгашга кирган 47 давлатдан 32 таси резолюция лойиҳасини ёқлаб овоз берди. Икки давлат қарши чиқди, 13 давлат бетараф қолди. Хусусан, Россия ва Эритрея резолюция лойиҳасига қарши чиқди, бетараф қолганлар орасида Хитой ва бир қатор Африка давлатлари эътиборни тортмоқда. Шу тариқа ҳужжат мутлақ кўпчилик овоз билан қабул қилинди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг