АҚШ Россия армияси ва разведкасини кучсизлантирадиган санкциялар киритади
Олам
−
26 Март 2022
11093Америка Қўшма Штатлари Россия Федерацияси разведка хизматлари ва ҳарбийларига хизмат ва товарлар етказиб берувчи рус компанияларига қарши санкциялар жорий этиш ниятида. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берган.
Таъкидланишича, янги санкциялар келаси ҳафта бошидаёқ эълон қилиниши мумкин. Вашингтон чекловлари остида қоладиган корхоналар қаторида ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар ва жиҳозлар етказиб беришга ихтисослашган “Сертал” компанияси, шунингдек, микроэлектроника соҳасида ўлчов ва тадқиқотлар учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқадиган ва етказиб берадиган “Серния инжиниринг” ҳам бор.
Қайд этилишича, Вашингтон янги чеклов чораларини жорий қилмоқчи бўлган компанияларнинг аксарияти аллақачон АҚШ Савдо вазирлигининг санкциялар рўйхатига киритилган, бу компанияларга хорижий технология ва ускуналарни сотиб олишни тақиқлаган, аммо энди АҚШ Молия вазирлиги томонидан қўшимча чекловлар жорий этилади. Бу корхоналар учун хорижда молиявий операцияларни амалга оширишни қийинлаштиради.
Шунингдек, АҚШ ҳукумати “Вектор” тадқиқот институти, “Микрон” ОАЖ ва “Т-Платформы”га қарши санкцияларни ҳам кўриб чиқмоқда.
Таъкидланишича, бундай санкциялар пакети кўпинча кейинроққа қолдирилган ва тегишли идоралар ўртасидаги келишувдан сўнг уларнинг рўйхати қисқартирилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 март куни АҚШ ҳукумати Россия ҳарбий-саноат мажмуасининг 48 та компаниясига нисбатан санкциялар жорий қилгани хабар қилинганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси