АҚШ баъзи қуролларни Украинага яширинча бериши мумкин – “Politico”

Олам

image

АҚШ расмийлари ҳарбий ёрдам доирасида Киевга айрим турдаги қуроллар топширилишини очиқ эълон қила олмайди. Бу ҳақда кеча, 22 август куни “Politico” газетаси ёзиб чиқди.

“Вашингтонда Қўшма Штатлар Киевга [Америка] маъмурияти хабар қилганидан кўра кўпроқ қурол-яроғ етказиб бергани ҳақида миш-мишлар юрибди”, дейилади хабарда.

Нашрнинг таъкидлашича, 19 август куни Пентагоннинг юқори мартабали вакили брифингда Қўшма Штатлар маълум вақтдан бери Украинага HARM антирадар ракеталарини эълон қилмасдан етказиб бераётганини тан олган.

“Биз биринчи марта HARM ракеталари етказиб берилишини эълон қилганимизда, [тегишли расмий баёнотда] биз бу қуролни аниқ айтмасдан тавсифлаган эдик”, дейди расмий.

Кейинроқ Yahoo News портали ҳам Қўшма Штатлар ATACMS оиласига кирувчи бошқариладиган тактик баллистик ракеталарни Украинага берган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. 

“Бу ростми ёки йўқми, номаълум, лекин агар бу рост бўлса, демак, бу маъмурият оммага эълон қилган нарсага зиддир”, деб тушунтиради нашр.

Бундан ташқари, “Politico” манбаларига кўра, ўтган ҳафта охирида эълон қилинган Киевга ҳарбий ёрдамнинг янги пакетига Excalibur бошқариладиган артиллерия снарядлари ҳам киритилган. Улар, шунингдек, Пентагоннинг янги транш доирасида Украинага етказиб берилган қуроллар рўйхатини тақдим этган расмий баёнотида алоҳида кўрсатилмаган.

Бундан ташқари, нашр АҚШ маъмурияти томонидан Киевга яна бир ёрдам пакети ажратилиши муносабати билан Конгрессга топширилган расмий хабарнома билан танишишга муваффақ бўлган. Ушбу ҳужжатда, газетанинг ёзишича, Вашингтон Украинага илова қилинган рўйхатда келтирилган нарсалар билан “чекланмаган”лиги таъкидланган.

“Биз тан оламиз, буларнинг барчаси тахмин. [АҚШ] маъмуриятида ҳеч ким Украинага яширин қурол етказиб берилаётганини тасдиқламади ва ҳатто унга шама ҳам қилмади. Агар бор бўлса ҳам, улар (АҚШ расмийлари) бу махфий қарор ҳақида бизга айтишлари даргумон”, дея хулоса қилган нашр.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

12

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг