10 минг чечен аскарлари Украинага боришга тайёрланмоқда
Олам
−
25 Февраль 2022
22225Чеченистон пойтахти Грознийда 10 минг чечен ҳарбийлари махсус ҳарбий операцияда қатнашиш учун Украинага жўнашга ҳозирлик кўрмоқда. Ҳарбийлар қаршисида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров чиқиш қилган.
Унинг таъкидлашича, Украина раҳбари Владимир Зеленский собиқ Президентга айланиб қолмасидан олдин Россия Президенти Владимир Путинга телефон қилиб, кечирим сўраши керак.
“Фурсатдан фойдаланиб, мен амалдаги Президент Зеленскийга маслаҳат бермоқчиман. У Украинанинг собиқ Президенти бўлишидан олдин Бош қўмондонимиз, Президент Владимир Владимировичга қўнғироқ қилиб, кечирим сўраши керак”, дейди Рамзан Қодиров.
Баъзи оммавий ахборот воситаларига кўра, Украинага 10 минг чечен ҳарбийларининг кириши шунчаки уюштирилган бўлиши ҳам мумкин. Мақсад эса душманнинг руҳиятини синдириш.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси