Жонсон Путинни тимсоҳга қиёслади

Олам 9890
image

Россия Президенти Владимир Путин билан музокара ўтказиш худди оёқни тишлаётган тимсоҳ билан музокара ўтказишдек гап. Бу ҳақда Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон “Bloomberg” агентлигига берган интервьюсида таъкидлади.

“Тимсоҳ сизнинг чап оёғингизни еяётганда у билан қандай музокара қилиш мумкин. Путин айнан шундай қиляпти. У можарони музлатиб қўйишга ҳаракат қилмоқда. Албатта, биз урушни тўхтатишимиз керак, бу жуда зарур. Аммо буни тугатишнинг ягона йўли — Путин ўзининг бу “денацификацияси” содир бўлганини тан олиши. Шунда у можародан ор-номус билан чиқиб кета олади”, дейди Жонсон.

Украинага кўпроқ ҳужум қуроллари, жумладан узоқ масофага мўлжалланган ялпи ҳужум реактив тизимлари зарурлигини қўшимча қилди. Шунингдек, Путин ўзи ва рус ҳарбийлари учун катта харажат эвазига Донбассда ерни “кемиришда” давом этишидан қўрқишини билдирди.

“У аста-секин, лекин қўрқаманки, сезиларли ютуқларга эришишни давом эттирмоқда ва шунинг учун биз украиналикларни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда давом этишимиз жуда муҳим. Менимча, русларни Киев дарвозасидан ортга итариб юборган украиналикларнинг ақл бовар қилмайдиган қаҳрамонлиги биз томондан қўллаб-қувватланиши жуда катта аҳамиятга эга”, дейди Британия Бош вазири.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 9
Рейтинг: 3.2
Теглар
t
×