Зеленский Японияни Осиё мамлакатларини Россияга қарши бирлаштиришга чақирди 

Олам

image

Халқаро институтлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Украина инқирозини ҳал қилишда “ишламади”. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Япония Парламентига қилган мурожаатида таъкидлади. 

“Кўряпсиз, халқаро институтлар ишламади. Ҳатто, БМТ ва Хавфсизлик Кенгаши ҳам – улар нима қила олади? Уларнинг ўзи ислоҳотга муҳтож”, деган Зеленский. 

Унинг сўзларига кўра, бу ташкилотлар “фаол бўлиш, ҳақиқатда қарор қабул қилиш ва фақатгина музокаралар олиб бориш учун эмас, балки ҳақиқатан ҳам таъсирчанлик хусусиятига эга бўлиш учун ҳалоллик инъекциясини талаб қилади”. 

Шунингдек, Зеленский Япония Парламентига қилган мурожаатида Токиони Россия билан савдога эмбарго (тақиқ) жорий этишга чақирган. 

“Сиз Осиёда биринчи бўлиб тинчликни тиклаш учун Россияга босим ўтказдингиз ва Россия Федерациясига қарши санкцияларни қўллаб-қувватладингиз. Мен сизни бу ишни давом эттиришга, Осиё давлатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақираман. Россия Федерацияси билан савдога эмбарго керак, компанияларни Россия бозоридан олиб чиқиш керак”, деган Зеленский. 

Маълумот ўрнида, Японияда дастлаб мажлислар залида Украина Президенти нутқини намойиш этиш режалаштирилган, бунинг учун залга катта экран ўрнатиш зарур бўлган. Бироқ, бундай ўрнатишда қийинчиликларга дуч келингани сабабли, Парламентнинг мажлислар залида трансляция қилишга қарор қилинган. Зеленский АҚШ Конгрессидаги нутқида Россиянинг ҳаракатларини 11 сентябрда АҚШда юз берган теракт ва Япония армиясининг Перл Ҳарборга ҳужуми билан таққослаши ортидан шундай қарорга келинган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

15

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг