Зеленский: “Украина музокараларга тайёр, аммо...”

Олам

image

Украина Россия билан тинчлик бўйича музокара ўтказишга тайёр, аммо РФнинг амалдаги Президенти Владимир Путин билан эмас. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеомурожаатида маълум қилди.

Президент бугун Олий бош қўмондонлик штабининг йиғилишини ўтказгани ва Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши йиғилиши якунланганини айтган. Хусусан, Зеленский қуйидаги қарорлар қабул қилинганини айтди:

“Биринчидан, фақат Украинани мустаҳкамлаш ва бутун ҳудудимиздан босқинчиларни қувиб чиқариш йўлигина тинчликни қайтаради. Биз шу йўлдан борамиз.

“Иккинчидан, Украина музокаралар бўйича етакчи бўлган ва шундай бўлиб қолади. Айнан бизнинг давлатимиз ҳамиша Россияга тенг асосда бирга яшашга келишиб олишни таклиф қилган ва музокаралар олиб боришда етакчи бўлиб қолмоқда. Айнан бизнинг давлатимиз Россияга ҳамиша тенг, ҳалол, муносиб ва адолатли шароитларда бирга яшашга келишиб олишни таклиф қилган. Шубҳасиз, бу Россиянинг [амалдаги] Президенти билан мумкин эмас”, дейди Зеленский.

Зеленскийнинг айтишича, Россия Президенти Владимир Путин “қадр-қиммат ва ҳалоллик нималигини билмайди”. Шунинг учун Украина бошқа Россия Президенти билан мулоқотга тайёр.

“Учинчидан, биз амалда эришган барча нарсани қонуний равишда қайд этишимиз керак. Демократиянинг золимликка қарши тақдири айнан Украинадаги курашда ҳал қилинади. Айнан шу ерда биз давлат чегараларимиз мустаҳкамлиги билан барча Европа давлатларининг чегараларини мустаҳкамлашимиз мумкин. Бошқа ҳеч ким бизнинг қитъамизга уруш олиб келишга журъат эта олмаслигига кафолат бера оламиз.Айнан шу Украинада бизнинг Евро-Атлантика ҳамжамиятимизнинг қадриятлари ҳақиқий ҳаёт энергиясини, озодлик учун курашаётган халқларнинг кучини ва бу курашда ёрдам берадиган халқларнинг кучини олди”, дея қўшимча қилган Украина Президенти.

Аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Украинанинг босиб олинган ҳудудларини аннексия қилиш ҳақидаги мурожаатида Киевни “зудлик билан ўт очишни тўхтатишга” ва “музокаралар столига қайтишга” чақирганди. Шунингдек, у Россия аннексия қилган тўрт вилоят – Луганск, Донецк, Херсон ва Запорожье тақдири музокара мавзуси бўлмаслигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, бугун Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

135

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг