Зеленский Путин билан учрашса, нимани муҳокама қилишини айтди

Олам 20635
image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашганда аннекция қилинган Қрим ва Донбасс масаласини кўтаришини айтди. Бу ҳақда у матбуот анжуманида сўз очган

"Мен Россия Федерацияси Президенти билан муҳокама қиладиган нарсалар нафақат мени, балки ҳаммани қизиқтирадиган масалалар деб ўйлайман. Бу ҳудудий яхлитлик масаласидир. Бизнинг Донбассимиз, Қримимиз қандай яшашни давом эттиради? Бу ҳақда қаерда ва қайси нуқтада келишиб олишимиз мумкинлигини гаплашамиз", дейди Президент.

Унинг қўшимча қилишича, энг муҳими, Украина бу масалани кўтармоқда ва ҳозир Россия Федерацияси жавобини эшитмоқда.

“Бизга ёқадигани эмас-у, лекин қанақа бўлса ҳам музокара бошланди. Шунинг учун кераксиз центименталликсиз, диалог жуда мазмунли бўлади, деб айта оламан. Гарчи ҳамма нарса бўлиши мумкин", дея қўшимча қилган Зеленский.

Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Президенти Владимир Путин билан шахсий учрашувга тайёр 
эканини яна бир бор маълум қилганди. 

Президент девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг айтишича, Украина ва Россия Президентлари ўртасидаги музокаралар Донбасдаги тўқнашувдан сўнг бўлиб ўтиши мумкин ва унда Киев ғалаба қозонишга бел боғлаган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 62
Рейтинг: 3.1
t
×