Украинадаги уруш Москва режалаштирганидек кечмаяпти – НАТО

Олам

image

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти “муваффақиятсиз” ва “тўхтаб қолган”, шу сабабли Украина ушбу конфликтда ғалаба қозониши мумкинлигини маълум қилди. Унинг фикрича, рус қўшинлари Киевни олмоқчи бўлган, аммо бунинг уддасидан чиқа олмаган ва ҳозирда чекинмоқда. Шунингдек, у НАТО ва альянс иттифоқчилари Украинага ёрдамни ошириши кераклигини ҳам таъкидлади. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди. 

“Украина бу урушда ғалаба қозониши мумкин. Украиналиклар ўз ватанларини мардлик билан ҳимоя қилмоқдалар”, Деган НАТО бош котиби Берлинда ўтказилган альянс Ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашуви якунлари бўйича журналистларга видеомулоқот орқали. У коронавирус инфекциясига чалингани туфайли шахсан иштирок эта олмаган.

НАТО Бош котибига кўра, Россия ҳарбий операцияси Москва режалаштирганидек кечмаяпти.

“Улар Киевни эгаллаб ололмадилар. Харьковдан чекинмоқдалар ва уларнинг Донбассдаги асосий ҳужуми тўхтаб қолди”, дея унинг сўзларини келтиради нашр.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Камронбей Кенжаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

НАТО Украинадаги уруш

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг