Украинадаги уруш фонида Европа Россия газини янада кўпроқ сотиб оляпти
Олам
−
02 Март 2022
24847Украинадаги қуролли тўқнашувларга қарамай, Россиянинг Европага табиий газ етказиб бериш ҳажми ўсишда давом этмоқда. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, ўтган йил 1 декабрь ҳолатига кўра, Россия газининг Украина орқали етказиб бериладиган суткалик ҳажми 109 миллион куб метрни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг 1 январига келиб бу кўрсаткич 74,4 миллион куб метрга қисқарган.
Жорий йилнинг 24 февраль куни Россия Украинага фаол ҳужум ҳаракатларини бошлаганидан сўнг, Европага “кўк ёқилғи” етказиб бериш ҳажми яна ошган. Шундай қилиб, газ етказиб бериш ҳажми 23 февралда 62 миллион куб метрни, 25 февралда 110 миллион куб метрни, 26 февралда эса 109 миллион куб метрни ташкил қилган.
Россиянинг “Газпром” холдинг компанияси вакили Сергей Куприянов 28 февраль куни Россия газини Украина орқали Европага етказиб бериш одатдагидек давом этаётгани ва кунига ўртача 100 миллион куб метрни ташкил этишини маълум қилган.
Айтиш жоизки, Европа Россиядан табиий газнинг қарийб 40 фоизини ёки 175 миллиард куб метрни импорт қилади.
Бироқ, Россиянинг Украинага босқини ҳамда Европа Иттифоқининг Москвага қарши кенг кўламли санкциялари, шунингдек, Украинадаги қувурлар билан боғлиқ муаммолар юзага келиши “Газпром”нинг газ етказиб бериш ҳажмининг қисқаришига олиб келиши мумкинлигидан хавотирлар бор.
Шундай қилиб, 2020 йилда Россия нефтининг Европага етказиб бериш ҳажми 113 миллион тоннани ташкил этган. Ҳозирги даврда эса Европа расмий Москвадан 440 миллион тонна нефть импорт қилган.
Айтиш жоизки, Россия Донецк ва Луганск халқ республикалари (ДХР ва ЛХР) мустақиллигини тан олганидан кейин, Германия канцлери Шольц “Шимолий оқим – 2” газ қувурини сертификатлаш жараёнини тўхтатиш ҳақида буйруқ берди.
АҚШ маъмурияти эса Германия билан ҳамкорликда Россиянинг “Шимолий оқим – 2” газ қувури ишга туширилмаслиги учун ҳаракат бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 2 март куни биржадаги савдолар чоғида Европада газ нархи 2021 йил декабрь ойи охирида қайд этилган тарихий рекордни янгилаб, 1000 куб метр учун деярли 2230 долларгача кўтарилди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси