Путиннинг қарори жазосиз қолмаслиги керак – Шольц
Олам
−
22 Февраль 2022
9924Германия канцлери Олаф Шольц Россиянинг Донецк ва Луганск халқ республикалари (ДХР ва ЛПР) бўлгинчиларини тан олиши фонида “Шимолий оқим – 2” газ қувурини сертификатлаш жараёнини тўхтатиш ҳақида кўрсатма берди. Канцлер бу қарорни бугун, 22 февраль куни Берлинда Ирландия Бош вазири Михол Мартин билан учрашув олдидан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида шахсан эълон қилган.
Шольц Россиянинг ДХР ва ЛХР тан олиш қарорини танқид қилди.
“Бу халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилишидир. Путин ҳам БМТ Низомини бузмоқда”, дейди у.
Канцлернинг фикрича, бундай ҳаракатлар жазосиз қолмаслиги керак.
Унинг қайд этишича, Европа Иттифоқи бир кун ичида биринчи “санкциялар пакети” ҳақида қарор қабул қилади. Бу “Шимолий оқим – 2” газ қувурига ҳам тегишли.
"Мен немис энергия бозорини тартибга солувчи органга Россия-Германия газ қувурини сертификатлаш жараёнини кейинги кўриб чиқилгунга қадар тўхтатиб туришни буюрдим", дейди Шольц
Канцлер бу масала аввалроқ Германия иқтисодиёт вазири Роберт Хабек билан муҳокама қилинганини эслатди.
“Энди бу масалани қайта кўриб чиқиш вақти келди”, дейди у.
Германия канслери Париж ва Берлин Украина инқирозини ҳал қилиш масаласида Норманд форматини сақлаб қолиш тарафдори эканини таъкидлаган.
Маълумот ўрнида, “Шимолий оқим-2” лойиҳаси Болтиқ денгизи туби бўйлаб ҳар бирининг узунлиги 1,2 минг километрдан ортиқ бўлган иккита газ қувур линиясини қуришга асосланган. Улар орқали Россия, Германия, Финляндия, Швеция ва Дания денгиз ҳудудларидан Германияга газ етказиб берилади. Лойиҳа “Шимолий оқим-2” АГ томонидан бошқарилади (унинг ягона акциядори — “Газпром”). Қувурнинг биринчи қаторини қуриш ишлари, аллақачон, якунланган. Иккинчи қувурни ётқизишни августга қадар якунлаш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Қолаверса, бугун, 22 февраль куни Европа Иттифоқи Россия армиясини молиялаштирган учта банкка нисбатан санкциялар жорий қилиши кутилмоқда.