Украинада Россиянинг айрим талабларини қабул қилиб бўлмаслиги айтилди
Олам
−
15 Март 2022
13691Украина Россия билан музокаралар олиб боришда, аввалгидек, келажакда ўзи учун хавфсизлик кафолатларини изламоқда. Бу ҳақда Украина Президенти девони раҳбари ўринбосари Игорь Жовква кеча, 14 март куни кечқурун Германиянинг ARD телеканали эфирида айтди.
“Биз бу ҳолат бошқа такрорланмаслигини истаймиз”, деди Жовква.
Унинг сўзларига кўра, Москва билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида “тинч ечим, ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилгандан кейин Украина учун хавфсизлик кафолатлари”га оид мулоҳазалар билдирилган.
Зеленский идораси раҳбари ўринбосари, шунингдек, Россия талабларининг “айримлари, ҳудудий даъволар билан боғлиқ бўлганлари, мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган” эканини таъкидлади. Унинг фикрича, бошқа масалалар бўйича музокаралар ўтказиш мумкин, лекин фақат “Украина учун келажакдаги хавфсизлик кафолатлари”ни ҳисобга олган ҳолда.
Кеча Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги музокараларнинг тўртинчи раунди онлайн форматда бўлиб ўтди. Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси ва Украина делегациялари ўртасидаги музокараларда 15 мартгача техник танаффус қилинган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15