Украинада Россия ёзда янги ҳужум бошлаши башорат қилинди

Олам 11333
image
-

Агар рус қўшинлари Донбассдаги ҳужумдан кейин ўз кучларини сақлаб қолишга муваффақ бўлса, июнь-июль ойларида жанговар ҳаракатларнинг янги босқичини бошлаши мумкин. Бу ҳақда халқ депутати, Олий Раданинг Миллий хавфсизлик, мудофаа ва разведка қўмитаси вакили Сергей Рахманин “Радио НВ” эфирида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, босқинчилар муҳим инфратузилма объектларига зарба беришда давом этади.

“Улар давлатнинг яшашига ва Қуролли Кучларга фаолият кўрсатишига имкон бераётган воситаларни ёриб ўтишади... Улар бу техника ва қуроллар қаерда, қайси темир йўлларда ҳаракатланишини, қаерда сақланиши мумкинлигини аниқлай бошлайдилар ва уни йўқ қилишга уринади”, дейди Рахманин.

Шунингдек, у май ойида руслар Донецк ва Луганск вилоятларининг маъмурий чегараларига чиқишга ҳаракат қилишини тахмин қилмоқда. 

“Умид қиламанки, Украина Қуролли кучлари бунга йўл қўймайди”, дея қўшимча қилган депутат.

Рада вакилига кўра, шундан сўнг Россия Херсон вилоятида Херсон халқ республикасини тузишга уринади.

“Бундан кейин улар жанубда фаолроқ бўлишни - Херсон вилояти чегарасига боришни, ХНР деб аталмиш (тузилмани – таҳри.) эълон қилишни режалаштирмоқдалар. Ҳозирча бу режа унчалик амалга ошмаяпти, чунки маҳаллий аҳоли бу ғояга тажовузкор қарамоқда”, дейди Рахманин.

У, шунингдек, босқинчиларнинг Приднестровьега йўлак ташкил этиш учун Запорожье, Одесса ва Николаев томон ҳаракатланиш режаларини эслатган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 14
Рейтинг: 3
t
×