Украинада Москва шартларига кўра тинчлик ўрнатилса, санкциялар бекор қилинмайди – Шольц
Олам
−
18 Июль 2022
7478Агар Москва ва Киев Россия Федерацияси шартлари бўйича тинчлик битими тузса, Европа Иттифоқи Украинадаги вазият туфайли Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилмайди. Германия канцлери Олаф Шольц кеча, 17 июль куни “Frankfurter Allgemeine Zeitung” газетасида чоп этилган мақоласида шундай фикр билдирган.
“Янги ҳақиқатнинг бир қисми шундаки, сўнгги ойларда Европа Иттифоқи ҳам мустаҳкамланди. У Россия агрессиясига бир овоздан муносабат билдирди ва мисли кўрилмаган даражада қаттиқ санкциялар қўллади”, деб ёзади Шольц.
Германия ҳукумати раҳбари иттифоқ аъзолари бошиданоқ санкцияларни узоқ вақт давомида ўз кучида қолдириш кераклигини билганини қўшимча қилган.
“Ва биз Россия истаган тинчлик ўрнатилса, бу санкцияларнинг ҳеч бири бекор қилинмаслигини ҳам аниқ биламиз. Россия учун Украина билан келишувга эришишнинг украиналиклар томонидан қабул қилиниши мумкин бўлган (вариант – таҳр.) дан бошқа йўл йўқ. Биз Украинага иқтисодий, гуманитар, молиявий ва қурол-яроғ етказиб беришни давом эттирамиз. Шу билан бирга, биз НАТО уруш иштирокчисига айланмаслигига кафолат берамиз”, деган Шольц.
У Германияни Россияга энергетик қарамликдан халос этишга умид қилмоқда, бироқ “бу йўл ҳатто Германиядек кучли ва гуллаб-яшнаган мамлакат учун ҳам осон эмаслигини” тан олади.
“Бизга чидамлилик керак”, дея ҳисобламоқда у.
Канцлер кўплаб немислар Украинадаги ҳозирги воқеалар оқибатларидан, биринчи навбатда, бензин ва озиқ-овқат нархининг юқорилигидан азият чекаётганини тан олган.
“Воқеаларнинг бундай ривожланишига дунёнинг ҳеч бир давлати якка ўзи қаршилик кўрсатолмайди”, деган Шольц.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси