Украинада қурбонлар сони 1 500 дан ошди
Олам
−
08 Апрель 2022
4513Украинада уруш бошланганидан бери энг камида 1 611 тинч аҳоли ҳалок бўлди, яна 2 227 киши яраланди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси баёнотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, тинч аҳолининг катта қисми ўқ-дорилар ва портловчи моддалар, жумладан, оғир артиллерия ва кўплаб ракета ҳужумлари, шунингдек ракета ва ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлган, жароҳатланган.
Баёнотга кўра, ҳақиқий рақамлар анча юқори, чунки шиддатли жанглар давом этаётган баъзи жойлардан маълумотларни олиш қийин ва кўплаб ҳисоботлар ҳали ҳам тасдиқланмаган. Бундай ҳолатлар, хусусан, Мариуполь ва Волноваха (Донецк вилояти), Изюм (Харьков вилояти), Северодонецк ва Рубижний (Луганск вилояти), Тростянц (Суми вилояти) ҳудудларида кузатилмоқда.
Аввалроқ, БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери 4 миллион 101 минг 951 нафар тинч аҳоли мамлакат чегарасини кесиб ўтиб, қўшни давлатлардан паноҳ топгани ҳақида маълум қилганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси