Украина-Россия музокараларининг тўртинчи раунди қачон ўтказилиши ва ундаги асосий мавзулар айтилди
Олам
−
14 Март 2022
6994Бугун, 14 март куни Россия ва Украина делегацияларининг тўртинчи раунди бошланади. Бу ҳақда Украина Президенти девонининг маслаҳатчиси Михайло Подоляк маълум қилди.
“Музокаралар видеоконференция форматида тинимсиз давом этмоқда. Ишчи гуруҳлар фаол. Кўп сонли масалалар доимий эътиборни талаб қилади. 14 март, душанба куни дастлабки натижаларни сарҳисоб қилиш бўйича музокаралар сессияси бўлиб ўтади”, деб ёзган у Twitter’да.
Подоляк музокараларнинг тўртинчи раунди мураккаб бўлишини урғулаган. Унга кўра, бу сафар муҳим масалалар муҳокама қилинади.
"Музокаралар — тўртинчи раунд. Тинчлик, ўт очишни тўхтатиш, қўшинларни зудлик билан олиб чиқиб кетиш ва хавфсизлик кафолатлари ҳақида. Мураккаб суҳбат", деб ёзган у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Аввалроқ Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ТАСС агентлигига музокаралар душанба куни видеоалоқа орқали давом этишини маълум қилганди.
28 февраль куни Беларуснинг Гомел вилоятида биринчи Россия-Украина музокаралари бўлиб ўтди, учрашув беш соат давом этди. 3 март куни Беловеж ўрмонида бўлиб ўтган музокараларнинг иккинчи босқичи натижаларидан бири томонлар ўртасида аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар бўйича келишув бўлди. 7 март куни Брест вилоятида делегациялар учинчи марта учрашди. 10 март куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган дипломатик форум доирасида Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулеба ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь