Украина уруш бошлангандан бери неча миллиард ёрдам олгани очиқланди

Олам 11876
image

Украина Россия қўшинлари мамлакатга киритилгач, у халқаро ҳамкорлардан тахминан 18 миллиард доллар молиявий ёрдам олган. Бу суммага Украина Қуролли Кучлари учун етказиб берилган қурол-яроғлар нархи кирмайди. Бу ҳақда Украина Молия вазирлиги маълум қилди.

“Аммо 5 миллиард долларлик ойлик камомад ҳеч қачон тўлиқ молиялаштирилмаган”, дейилади Молия вазирлиги веб-сайтидаги пресс-релизда.

Хабарда асосий донорлар қаторида АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония, Франсия ва Италия санаб ўтилган.

Аввалроқ Украина Бош вазири Денис Шмигаль мамлакат ҳукумати давлат бюджети тақчиллигини 2023 йилда ойига 5 миллиард доллардан 3 миллиард долларга туширмоқчи эканини айтганди. Унинг сўзларига кўра, сентябрь ойида Украина Европа Иттифоқидан 5 миллиард доллар, октябрда яна 3 миллиард доллар миқдорида кредит олишни кутмоқда. Унинг таъкидлашича, бу йил халқаро ёрдам Украина бюджети харажатларининг 40 фоизини қоплашга етади.

30 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакатни қайта тиклаш учун 600-800 миллиард доллар кераклигини айтганди.Европа дипломатияси раҳбари Хосеп Боррелга кўра, музлатилган Россия олтин-валюта захиралари шу мақсадларга йўналтирилиши керак.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 49
Рейтинг: 3
t
×