Украина сабаб АҚШнинг қурол захираси тугаши мумкин – “Bloomberg”
Олам
−
27 Апрель 2022
11301Агар Оқ уй Украинага қурол-яроғ етказиб беришда давом эттса, АҚШнинг ўзини захиралари бир неча ой ичида тугаши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Қуролли кучлар қўмитасидаги тингловларда иштирок этган ҳарбий экспертларга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
"Бу бизнинг хавфсизлигимиз учун катта таҳдид", дейди Мудофаа вазирининг сотиб олиш бўйича собиқ ўринбосари Эллен Лорд.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар ўзининг “Stinger” портатив ҳаво мудофаа тизимлари захирасининг деярли тўртдан бир қисмини Киевга топширган.
Ўз навбатида, Профессионал хизматлар кенгаши ташкилоти (Professional Services Council) президенти Дэвид Берто Россия ва Украина уруши бошланганидан бери Қўшма Штатлар ўзининг барча қурол-яроғ захираларининг учдан бир қисмини тайёрлаганини, шу билан бирга уларни кейинги тўлдириш бўйича шартномалар тузилмаганини айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 апрель куни АҚШ Президенти Жо Байден Украинага 800 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Уларнинг орасида 200 та М113 зирҳли транспортёрлари, 18 та гаубицалар, 300 та “Switchblade” камикадзе дронлари, 500 та “Javelin” ракеталари ва Россияда ишлаб чиқарилган 11 та Ми-17 вертолётлари мавжуд.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси