Украина Россиянинг яна бир катта кемасини ракета билан ургани айтилмоқда
Олам
−
06 Май 2022
14568Россиянинг 11356Р лойиҳасидаги “Буревестник” русумли фрегати Украинанинг Змеиний ороли яқинида ёниб кетди. Бу ҳақда Одессанинг “Думская” нашри хабар бермоқда.
Кемада портлаш содир бўлиб, кейин ёнғин бошланган. Кемадаги ёнғин ҳақидаги маълумотлар кеча, 5 май куни ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган, деб ёзади нашр.
Қайд этилишича, кемага ёрдам учун босиб олинган Қримдан кемалар келган. Манбага кўра, кемага Украинанинг “Нептун” ракетаси билан зарба берилган.
Украина Олий Радаси депутат Алексей Гончарук ҳам фрегатга ракета зарбаси уюштирилганини айтган.
“Биласизларми, “Адмирал Макаров” дегани бор. Шундай қилиб, у ҳам қаттиқ касал бўлиб қолди - денгиз худоси уни яна жазолади. Россиянинг яна бир ҳарбий кемаси “керак бўлган жойга” бормади. Умид қиламанки, кейинчалик у ҳам “керак бўлган жойга” боради”, деган депутат.
Эслатиб ўтамиз, 14 апрель куни тунда Одесса яқинида жойлашган “Москва” крейсерида портлаш юз берди. Украина томони кемага “Нептун” билан зарба берганини билдирди.
Россия ўз навбатида кемадаги ўқ-дорилар портлаганини, бу номаълум сабаб билан бошланган ёнғин туфайли эканини хабар берди. Рус нашрлари кеманинг 500 дан ортиқ экипаж аъзолари эвакуация қилингани айтилди.
Кейинроқ эса кемадаги ёнғин ўчирилди ва у сузишга яроқли ҳолда экани очиқланди. Бироқ бугун, 15 апрель куни тунда “Москва” буксер қилинаётганда довул сабаб чўкиб кетди.
Қора денгиз стратегик тадқиқот институти раҳбари Андрей Клименкога кўра, 16 та қанотли ракетага эга “Москва” крейсери йўқ қилинганидан кейин Россия Қора денгиз флоти кемаларининг умумий қанотли ракеталари сони 72 тадан 56 тага камайди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси