Украина ракета билан урган йирик “Москва” крейсери чўкиб кетди

Олам 20684
image

“Москва” ракета крейсери бўрон вақти ўз манзилига олиб кетилаётганда, портлаш натижасида бошланган ёнғин туфайли корпусга етган зарар сабаб чўкиб кетди. Бу ҳақда кеча, 14 апрель куни Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги хабар берган.

“Москва” крейсерини белгиланган портга тортиб бориш пайтида кема ёнғин пайтида крпусга етган зарар туфайли ўз барқарорлигини йўқотди. Бўронли денгиз шароитида кема чўкиб кетди”, дейилади хабарда.

Вазирлик, аввал хабар қилинганидек, крейсер экипажи ҳудуддаги Қора денгиз флоти кемаларига эвакуация қилинганини эслатиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 апрель куни Россия Қора денгиз флотининг “Москва” гвардия ракета крейсери ёнғин сабаб ўқ-дориларнинг портлаши натижасида жиддий шикастланди. Мудофаа вазирлиги кема экипажи эвакуация қилингани билдирди.

Ўз навбатида Украина расмийлари “Москва” крейсери мамлакат ҳарбийлари томонидан ҳужумга учраганини, унга “Нептун” қанотли ракетаси билан зарба берилганини эълон қилди.

“Москва” – Қора денгиз флотининг флагмани. 1983 йилда “Шон-шараф” номи билан фойдаланишга топширилган. 1996 йилда крейсер ҳозирги номини олган. Кеманинг асосий зарба қуроли 16 та П-1000 “Вулкан” ракеталарини отиш мосламаси ҳисобланади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 77
Рейтинг: 3.1
t
×