Украина Россиянинг йирик “Москва” кемасига зарба берганини айтмоқда
Олам
−
14 Апрель 2022
14631Украина ҳукумати ҳарбийлар Россиянинг Қора денгиз флоти флагмани бўлган “Москва” ракета крейсерига ҳужум қилганини даъво қилмоқда.
Одесса вилояти маъмурияти раҳбари Максим Марченконинг сўзларига кўра, крейсерга Украинада ишлаб чиқарилган “Нептун” кемага қарши ракеталари билан ҳужум қилинган ва “жуда жиддий зарар кўрган”.
Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович кемада ёнғин бошланганини даъво қилмоқда.
“Кемада 510 киши бор. Биз нима бўлганини тушуна олмаяпмиз. Икки денгизчи ҳам нотўғри жойда чекишган. Ёки яна бир бор баъзи хавфсизлик чораларини бузишган. Белгородга омад кулиб боқмаганидек, “Москва”га ҳам омад кулиб боқмади”, деган у.
Украина ҳарбийлари ҳозирча бу маълумотларни изоҳламаган.
РИА Новостининг Россия Мудофаа вазирлигига таяниб, ёзишича, “Москва” крейсерида ёнғин натижасида ўқ-дорилар портлаган.
“Ёнғин натижасида “Москва” ракета крейсерида ўқ-дорилар портлаб кетган. Кемага жиддий зарар етган”, дейилади хабарда.
Кема экипажи тўлиқ эвакуация қилинган. Ҳодиса сабаблари аниқланмоқда.
“Москва” гвардия ракета крейсери Қора денгиз флотининг флагмани ҳисобланади. Николаевдаги кемасозлик заводида қурилган ва 1982 йилда фойдаланишга топширилган. У дастлаб "Шон-шараф" деб номланган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь