Украина Россиянинг $400-500 миллиардига эга чиқмоқчи

Олам

image

Украина урушдан кейинги реконструкция учун Россиянинг музлатилган ва мусодара қилинган активларининг тахминан 400-500 миллиард долларини олишни кўзламоқда. Бу ҳақда Украина Президентининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Олег Устенко маълум қилди

“Ҳозир биз Украина олиши мумкин бўлган 400 дан 500 миллиард долларгача бўлган миқдор, яъни йиллик ялпи ички маҳсулотимизнинг 2-2,5 қисми ҳақида гапиряпмиз. Лекин барибир, бу етарли бўлмайди, шунинг учун қўшимча маблағ излашда давом этмоқдамиз”, дейди Устенко.

Унинг фикрича, кўплаб инвесторлар Украинага киришларини тасдиқлашган, бироқ Россия тўлайдиган товон пулларини ҳисобини ҳам олиш керак. 

Президент маслаҳатчисининг таъкидлашича, товон пули Россия Федерацияси Марказий банкининг Ғарбда музлатилган 300 миллиард доллар миқдоридаги активларини ўз ичига олади. Яна 100 миллиард доллар Россия Президенти Владимир Путиннинг музлатилган активлари ҳисобидан келиши мумкин.

Аммо бу маблағлар тўлиқ тикланиш учун етарли бўлмайди, чунки бугунги кунда Украинанинг Россия агрессиясидан кўрган йўқотишлари 1 триллион долларга баҳоланмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг