Украина Россия сиёсий элитасининг 606 вакилига санкция киритди

Олам

image

Украина Россия федерал ҳокимиятининг 606 нафар вакилига қарши санкциялар киритди. Тегишли қарор Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши томонидан қабул қилинди, дейди Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 7 сентябрь куни кечки видеомурожаатида.

Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгашининг 32 аъзосидан 28 нафарига, Федерация Кенгашининг 170 аъзосидан 154 нафарига ва Давлат Думасининг 450 нафар депутатидан 424 нафарига нисбатан жазо чоралари қўлланилган. Президент Россия Федерациясининг ҳукмрон элитаси вакилларидан кимлар санкцияларга дучор бўлмагани ҳақида гапирмаган, шунингдек, кўрилган чоралар ҳақида маълумот бермаган.

“Уларнинг барчаси бу уруш, халқимизга қарши террор учун жавобгардир. Уларнинг ҳеч бири жавобгарликдан қочиб қутула олмайди. Бу вақт масаласи”, дейди Зеленский.

Унга кўра, Украина Россия Федерацияси раҳбариятини жавобгарликка тортиш учун зарур ҳуқуқий, дипломатик ва сиёсий қадамларнинг бир қисмини аллақачон амалга оширган ва бу йўналишда ҳаракат қилишни давом эттириш ниятида.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

8

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг