Украина Херсон учун “оғир жанглар” бошлади – Британия Мудофаа вазирлиги

Олам

image

Украинанинг Россия томонидан эгалланган Херсон вилоятида сўнгги икки кундан бери “оғир жанглар” давом этмоқда. Бу ҳақда Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг урушнинг бориши ҳақидаги навбатдаги ҳисоботида айтилади.

Жанглар Днепрнинг ўнг (ғарбий) қирғоғида, Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда Украинанинг қарши ҳужуми доирасида давом этмоқда.

Қайд этилишича, Россия Украинанинг олдинга силжишини секинлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун табиий тўсиқ – Днепрнинг ирмоғи бўлган Ингулетс дарёси бўйлаб артиллериядан зарба бермоқда.

Урушни ўрганиш бўйича Америка институти ўзининг қисқача ҳисоботида  Украина ҳарбийларининг баёнотларига таяниб, Россия украинларнинг қарши ҳужумига тайёргарлик кўриш учун баъзи ҳудудларда йўллар ва Ингулетс қирғоғини миналаштираётгани ҳақида хабар берган.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳам, Урушни ўрганиш институти ҳам Украинанинг ҳужумлари туфайли минтақадаги Россия таъминот линиялари хавф остида қолганини таъкидлаган. Яқинда украиналик ҳарбийлар Россиянинг бир қанча ўқ-дорилар омборлари ҳамда Херсон вилоятидаги қўмондонлик пунктлари йўқ қилинганини эълон қилганди. 

Июль ойида Украина ҳукумати Россия томонидан босиб олинган Херсон ва Запорожье вилоятларига қарши ҳужумга тайёргарлик кўраётганини эълон қилган ва тинч аҳолини бу ҳудудларни тарк этишга чақирган эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг