Украина хавфсизлиги кафолатлари бўйича биринчи ҳужжат тайёр – Зеленскийнинг идораси

Олам 5021
image
-

Расмий Киев Украина учун хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги биринчи ҳужжат 29-30 август кунлари пайдо бўлишини кутмоқда. Бу ҳақда Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак Киевда бўлиб ўтган Эстония, Латвия, Литва, Польша, Руминия ва Венгрия раҳбарларининг маслаҳатчилари билан учрашувдан сўнг маълум қилди. 

"Биз хавфсизлик кафолатларини жуда муҳим масала деб биламиз, бу ҳақда барча ҳамкорларимиз билан доимий равишда гаплашамиз. Бугун ҳам шу мавзу муҳокама қилинди, ҳамкорларимиз қизиқиш билдираётганидан хурсандман. Шу ойнинг охиригача, менимча, 29 ёки 30-санада, биз биринчи ҳужжатни, жаноб Расмуссен (НАТОнинг собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен – таҳр.) билан гуруҳимиз бўйича тавсияларни кутишимиз мумкин. Ҳозирда ушбу ҳужжат устида ишлаяпмиз.

Ермакнинг таъкидлашича, у аллақачон матнни ўқиб чиққан. 

“Ҳужжат "жуда кучли" бўлади”, дейди у. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Украина НАТОга аъзо бўлмаслиги ҳақиқатини тан олиш зарурлигини маълум қилганди. Унинг қайд этишича, Киевга Ғарб давлатлари билан ҳамкорликнинг янги форматлари ва алоҳида хавфсизлик кафолатлари керак. Кейинроқ Президент идораси Украина хавфсизлигини қонуний равишда кафолатлашга мажбур бўлган беш-етти давлатдан иборат иттифоқ тузишни кутаётганликларини эълон қилди. 

Май ойида Ермак Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифлар ишлаб чиқадиган халқаро маслаҳат гуруҳи ташкил этилишини эълон қилди. Унга кўра, гуруҳ ишига хавфсизлик, сиёсат ва дипломатия соҳаси арбоблари, олимлар таклиф этилади. Ермакнинг аниқлик киритишича, гуруҳни расмий Киев Расмуссен билан биргаликда тузмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 11
Рейтинг: 3
t
×