Украина армияси Россия ҳудудига ўтадими? Зеленский жавоб берди
Олам
−
03 Май 2022
41098Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакати Қуролли Кучлари томонидан олиб борилаётган ҳарбий амалиётлар Россия ҳудудига тааллуқли эмаслиги ҳақида баёнот берди. У сешанба куни “Al Arabiya” телеканалига берган интервьюсида воқеалар ривожининг ўз версиясини айтиб берди.
“Украина Қуролли Кучлари Россия Федерацияси ҳудудида ҳарбий амалиётлар ўтказмайди, улар ўз ерларини ҳимоя қилади ва Россияни эгаллашга интилмайди”, деган Зеленский.
Шу билан бирга, ТАССнинг ёзишича, Белгород, Брянск ва Курск вилоятлари ҳудуди бир неча бор Украина томонидан миномёт ва артиллерия ҳужумларига учраган. Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими эса бир нечта учувчисиз самолётларни тутиб олган. Бундан ташқари, Украина жанговар вертолётлари Россия Федерацияси ҳаво ҳудудига бостириб киргани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1 апрель куни Россиянинг Белгород шаҳрида нефть базаси ёниб кетганди. Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков ёнғинда нефт базаси ишчиларидан икки киши жабрланганини маълум қилди.
25 апрелга ўтар кечаси Россиянинг Брянск шаҳрида яна бир нефть омбори ёниб кетди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, портлаш овози эшитилган. Брянскдаги воқеа муносабати билан база ёнаётган ҳудуд яқинида яшовчи одамларни эвакуация қилиш бошланди.
27 апрель куни эса Белгород вилоятининг Старая Нелидовка қишлоғи яқинидаги ўқ-дорилар омбори ёниб кетди. Ҳар уч ҳолатда ҳам Россия расмийлари Украинани айблади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси