Белгородда нефть базасига зарба берилди. Россия Украинани айбламоқда
Олам
−
01 Апрель 2022
15043Бугун, 1 апрель куни тонгда Россиянинг Белгород шаҳрида “Роснефть”га тегишли нефть базасида ёнғин чиқди. Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков нефть базасига Россия ҳудудига паст баландликда учиб кирган Украина Қуролли Кучларининг иккита вертолёти зарба берганини иддао қилмоқда.
“Интерфакс” нашрининг Гладковга асосланиб, хабар беришича, ёнғин оқибатида ҳеч ким қурбон бўлмаган. Шаҳар мэри Антон Иванков ҳам ҳодисада ҳеч ким жабрланмаганини билдирди.
Ҳодиса жойида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари иш олиб бормоқда. Нефть базаси яқинидаги учта кўча аҳолиси вақтинча эвакуация қилиниб, “Белгород Арена”га жойлаштирилган.
Украина расмийлари бу айбловга ҳозирча муносабат билдирмаган.
Бироқ Украинага қарши урушаётган Россия чегарага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жойлаштирмаганига ишониш қийин. Агар жойлаштирган бўлса, Украина вертолётлари Россия томонига ўтиб кетиши мушкул иш ҳисобланади. Шу билан бирга ўз ёғига қовурилаётган Украина ҳам мамлакат ичидаги жанглар етмаганидек чегарани кесиб ўтиб, Белгородга зарба беришига ҳам ишониш қийин.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси