Украина Apple’га илтимос билан чиқди

Олам

image

Украинанинг Рақамли трансформациялар вазири Михаил Фёдоров Apple компанияси бош директори Тим Кукка мурожаат қилиб, россияликларни AppStore'дан узишни сўради. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида маълум қилди. 

Шунингдек, у Кукдан АҚШ санкцияларини қўллаб-қувватлашни ва Россия маҳсулотларини Apple иловалари дўконидан юклаб олишни тўхтатишни сўраган.

Вазирнинг ёзишича, “замонавий технология танклар, ракета тизимлари ва снарядларга қарши энг яхши жавобдир”.

“Ишончимиз комилки, бундай ҳаракатлар (AppleStore'дан узилиш) Россия ёшлари ва фаол аҳолисини шармандали ҳарбий тажовузга фаол қарши туришга ундайди”, деб ёзган вазир.

Айтиш жоизки, кеча, 25 февраль куни Тим Кук ўзининг Twitter саҳифасида Украинадаги вазиятдан қаттиқ хавотирда эканини ёзган.

“Биз у ердаги ҳамкасбларимиз учун қўлимиздан келганини қиламиз ва маҳаллий даражада инсонпарварлик ёрдамини қўллаб-қувватлаймиз. Мен хавф остида қолган одамлар ҳақида ўйлайман ва тинчликка чақираётганларнинг барчасига қўшиламан”, дея ёзган у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Facebook ижтимоий тармоғи раҳбарияти Россия давлат оммавий ахборот воситаларига дунё бўйлаб реклама кўрсатиш ва монетизация қилишни тақиқлаганди.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

146

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг