Украина Америка қуроллари билан Россияга ҳужум қиладими? Зеленский режаларини очиқлади

Олам 11847
image
-

Украина АҚШ бераётган қурол-яроғ билан Россия ҳудудига ҳужум қилмоқчи эмас. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилган. 

“Мен биламанки, Қўшма Штатларда ёки Оқ уйда кимдир биз улардан олган ялпи ҳужум реактив отиш тизимидан Россияга ҳужум қилиш учун фойдаланишимиз мумкинлигини айтмоқда. Биз Россияга ҳужум қилмоқчи эмасмиз. Бизни Россия Федерацияси қизиқтирмайди, биз унинг ҳудудида жанг қилмаяпмиз”, дейди Зеленский.

Президент, шунингдек Украина ўз ҳудудларини Россияга бериш ниятида эмаслигини, бироқ улар билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилишга тайёрлигини таъкидлаган. 

“Биз ҳеч бир ҳудудимизни бермоқчи эмасмиз, чунки бу бизнинг мустақиллигимиз, суверенитетимиз. Аммо баъзи ҳудудларда маълум қийинчиликлар мавжуд. Бу қийинчиликларни муҳокама қилиш мумкин”, дея қўшимча қилган давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти узоқ масофага учувчи илғор ракета тизимларини юбориш орқали Украина қурол-яроғларини кўпайтиришга ҳозирлик кўраётгани айилганди. 

Шунингдек, Украина АҚШ бераётга қурол-яроғ билан Россияга қарши урушда қоидаларни ўзгартириши мумкинлиги ҳам истисно қилинмаганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 20
Рейтинг: 3.4
t
×