Украина ҳарбийлари бутун Купянскни озод қилди – ISW

Олам

image

Америка урушни ўрганиш институтининг (ISW) кундалик ҳисоботида айтилишича, кеча, 16 сентябрь куни Украина қўшинлари бутун Купянск шаҳрини назоратига олган.

Кеча, 16 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Украина армияси Оскол дарёсидан ўтиб, Купянск шаҳрининг шарқий қисмини назоратга олгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Расмий равишда бу маълумот ҳали тасдиқланмаган.

ISW брифингида айтилишича, геолокация тасвирлари Украина кучлари Купянскдаги Оскол дарёсининг шарқий соҳилида позицияларни эгаллаганини тасдиқлаяпти. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, агар Украина кучлари ҳужум амалиётларини давом эттирса, рус қўшинлари Украина қўшинларининг бутун Оскол дарёси бўйлаб келгусида олдинга силжишини тўхтатиш учун жуда заиф бўлиши мумкин.

Россия армияси учун қўшимча кучлар зарурлиги туфайли минтақавий ҳокимиятлар федерал марказ томонидан маълум миқдордаги кўнгилли батальонларни яратиш учун босим остида бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда ҳарбий экспертлар. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг вилоятларни “ўз-ўзини сафарбар қилиш” чақириғи губернаторлар томонидан қўллаб-қувватланган.

Эслатиб ўтамиз, Украина ҳарбийлари жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ҳарьков вилоятининг Купянск шаҳрини руслардан озод қилганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг