Украина ҳарбийлари Изюм ва Купянскни озод қилгани айтилмоқда

Олам

image

Украина Қуролли Кучлари Харьков вилоятининг энг йирик шаҳарларидан бири Купянскни озод қилди. Бу ҳақда вилоят кенгаши раиси маслаҳатчиси Наталья Попова маълум қилди.

“Купянск – бу Украина! Украина Қуролли Кучларига шон-шарафлар!”, деб ёзди Попова Facebook’да ва украиналик аскарларнинг Купянскдаги маъмурий бино олдида тушган суратини жойлаштирди.

Россиянинг “Агентство” нашри ушбу геолокацияни тасдиқлади ва ҳарбий хизматчилар Купянск шаҳар кенгаши биноси фонида суратга тушганини ёзди.

Украина ҳарбийларининг Купянскка кириб келаётгани акс этган видео ҳам пайдо бўлди. Бундан ташқари, шаҳар озод қилинганини “Украинская правда”нинг Харьков ҳарбий-фуқаролик маъмуриятидаги манбаси ҳам тасдиқлади. Расмий равишда Киев ва Украина Қуролли Кучлари Купянскнинг озод қилингани ҳақида ҳали эълон қилгани йўқ.

Украина қўшинлари ҳозирча Купянскнинг шарқий қисмига (шаҳарнинг шарқий ва ғарбий қисмини Оскол дарёси ажратиб туради) кира олмаган, дейди 8 сентябрь куни шаҳардан хабар берган ВГТРК журналисти Евгений Поддубний.

Ўз навбатида, тан олинмаган ДХР ахборот вазири ўринбосари Даниил Безсонов Россия қўшинлари Купянскдан 70 километр жануби-ғарбда жойлашган Изюм шаҳрини ҳам тарк этганини айтди

Украина ва россиялик ҳарбий блогерлар Украина Қуролли Кучлари Северский Донецк дарёсидан ўтиб, Лиман бўйлаб олға юрганини ҳам ёзмоқда. Бу Россия армияси Оскол ва Северский Донецк дарёлари бўйида Украина ҳужумини тўхтата олмаганини англатади.

Ҳозирча Харьковдаги шаҳарлар озод этилгани бўйиач Украина Қуролли Кучлари Бош штаби ҳеч қандай маълумот бермади. Худди шунингдек, Россия томони ҳам сукут сақламоқда.

Аввалроқ Украина ҳарбийлани Харьковнинг бошқа бир муҳим шаҳри Балаклеяни озод қилгани маълум бўлганди. Бугун эса шаҳарга Украина байроғи ўрнатилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг