Ўқитувчи ўлдирилганидан кейин французлар жаҳолатга қарши намойишга чиқди (фоторепортаж)
Олам
−
19 Октябрь 2020
18982Франциядаги сиёсий партиялар, жамоатчилик ташкилотлари ва касаба уюшмалари тарих ўқитувчисининг боши танасидан жудо қилингач, обскурантизм ва варварликка қарши ҳамда сўз эркинлигини ёқлаб намойишлар ўтказди.
Париждаги асосий намойиш Республика майдонида бошланди. “Мен – Самюэль” шиори остидаги республиканинг асосий қадриятлари – тараққиёт, сўз эркинлиги ва дунёвий давлат таълимини қўллаб-қувватловчи намойишлар Лион, Тулуза, Нант, Лилл, Марсель, Страсбург ва бошқа шаҳарларда ҳам ўтказилди.
ОАВ маълумотига кўра, акцияда минглаб одамлар қатнашган. Телевидение лавҳасида ҳам пандемияга қарамай, Республика майдони одамлар билан тўлиб-тошгани кўринади. Уларнинг орасида бир нечта ҳукумат аъзолари ҳам бўлган.
Ташкилотчиларнинг чақириғига бирдамлик сифатида "Charlie Hebdo" ҳажвий журнали ҳам акцияга қўшилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 октябрь куни Конфлан-Сент-Онорин номли кичик шаҳарчада мактабнинг тарих фани ўқитувчиси мудҳиш қотиллик қурбони бўлди. Қотил пичоқ билан қуролланиб, мактаб ёнида ўқитувчининг бошини танасидан жудо қилган. Кейин у шаҳар полицияси томонидан отиб ўлдирилган.
Маълум бўлишича, ўқитувчи сўз эркинлиги бўйича муҳокамалар вақтида синфда “Charlie Hebdo” ҳажвий журналида эълон қилинган пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)нинг таҳқирловчи карикатураларни намойиш қилган.
Ҳуқуқ тартибот идорлари ўқитувчининг ўлдирилишини теракт деб баҳолади. Бу ҳодисадан кейин мамлакатда оммавий қўлга олишлар бошланди. Интернетда қотилнинг бу ҳаракатини қўллаб-қувватлаганлар ҳам терговга тортиляпти.
"Charlie Hebdo" иши
Франциянинг "Charlie Hebdo" сатирик ҳафталик нашри 2015 йил январь ойида таҳририятга қилинган ҳужумга сабаб бўлган пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураларини жорий йилнинг 1 сентябрь куни қайта чоп этди. Нашр буни 12 кишининг ўлимига сабаб бўлган теракт бўйича суд жараёни бошланиши арафасида амалга оширди.
Гап шундаки, бундан 5 йил аввал "Charlie Hebdo" журнали Муҳаммад (с.а.в.)ни ҳажв қилиб чиққани учун, таҳририят террорчилик ҳаракати нишонига айланган эди. Унда 12 киши қурбон бўлди.
Ҳужум 2015 йилнинг 7 январь кунига тўғри келган.
2 сентябрь куни Францияда илк ҳужум билан боғлиқ суд иши бошланди. Унда 14 гумондор ҳозир бўлди. Суд тингловчи 10 ноябрга қадар давом этади.
"Charlie Hebdo” журналида муқаддас Ислом динининг сўнгги пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураси чоп этилиши мусулмон мамлакатларнинг Францияга қарши эътирозига сабаб бўлиб, зиддиятларни оширмоқда. Бунга нисбатан Туркия ва Эрон муносабат билдирди.
Президент Эммануэль Макрон таҳририят ҳаракатларини сўз эркинлигининг ифодаси деб атади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15