Россияда Charlie Hebdo сингари журнал пайдо бўлмайди – Кремль
Олам
−
29 Октябрь 2020
8218Россия Федерацияси Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков буюк пайғамбар (с.а.в.)нинг карикатураси туфайли Францияда зўравонлик авж олиши юзасидан муносабат билдирди.
"Россияда “Charlie Hebdo” сингари журнал пайдо бўлмайди”, деб таъкидлади у.
Песков гарчи мамлакатда христианлик асосий дин бўлса ҳам, Россияда 20 миллионга яқин мусулмон яшаётганини унутмасликка чақирди.
"Аслида, мамлакатимизнинг ўзига хослиги айнан унинг кўп миллатли ва кўп конфессиялигида. Барча конфессиялар бир-бирига ҳурмат кўрсатиб яшайдилар. Шунинг учун бундай нашрнинг бизда мавжуд бўлиши мутлақо мумкин эмас, шу жумладан бу амалдаги қонунчилигимизга ҳам зид”, деган Песков.
Шу билан бирга, матбуот котиби таъкидлашича, одамларни ўлдириш ножоиз бўлгани каби, диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилиш ҳам ножоиз.
"Иккаласи ҳам мутлақо ножоиз", деб хулоса қилди Песков.
"Charlie Hebdo" иши
Франциянинг "Charlie Hebdo" сатирик ҳафталик нашри 2015 йил январь ойида таҳририятга қилинган ҳужумга сабаб бўлган пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураларини жорий йилнинг 1 сентябрь куни қайта чоп этди. Нашр буни 12 кишининг ўлимига сабаб бўлган теракт бўйича суд жараёни бошланиши арафасида амалга оширди.
Гап шундаки, бундан 5 йил аввал "Charlie Hebdo" журнали Муҳаммад (с.а.в.)ни ҳажв қилиб чиққани учун, таҳририят террорчилик ҳаракати нишонига айланган эди. Унда 12 киши қурбон бўлди.
Ҳужум 2015 йилнинг 7 январь кунига тўғри келган.
2 сентябрь куни Францияда илк ҳужум билан боғлиқ суд иши бошланди. Унда 14 гумондор ҳозир бўлди. Суд тингловчи 10 ноябрга қадар давом этади.
"Charlie Hebdo” журналида муқаддас Ислом динининг сўнгги пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураси чоп этилиши мусулмон мамлакатларнинг Францияга қарши эътирозига сабаб бўлиб, зиддиятларни оширмоқда. Бунга нисбатан Туркия ва Эрон муносабат билдирди.
Президент Эммануэль Макрон таҳририят ҳаракатларини сўз эркинлигининг ифодаси деб атади.