Пайғамбарга нисбатан ҳурматсизлик қабул қилинмайди – Эрон ТИВ
Олам
−
04 Сентябрь 2020
16103Франциянинг "Charlie Hebdo" сатирик ҳафталик нашри жорий йилнинг 2 сентябрь куни чоп этилган сонида 2015 йил январь ойида таҳририятга қилинган ҳужумга сабаб бўлган пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатураларини қайта нашр этгани ҳақида хабар берган эдик. Айни вақтда ушбу ҳолат мусулмон мамлакатларининг "Charlie Hebdo" таҳририяти ва Франция ҳукуматига эътироз билдиришига сабаб бўлмоқда.
Жумладан Эрон Ислом Республикаси Франциянинг "Charlie Hebdo " газетасида муқаддас Ислом динининг сўнгги пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)нинг карикатуралари такроран нашр этилишини қоралади. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги сўз эркинлиги қадрият, аммо "муқаддас пайғамбарга нисбатан ҳар қандай ҳурматсизлик қабул қилиниши мумкин эмас", деган баёнот билан чиқди.
Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Францияда илк ҳужум билан боғлиқ суд иши бошланди. Журнал карикатураларни суд олдидан эътиборни тортиш мақсадида қайта чоп этган.
Мазкур ҳолатга нисбатан биринчилардан бўлиб Туркия муносабат билдириб, диндорларга нисбатан ҳурматсизлик ва мусулмонларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилишнинг матбуот ва сўз эркинлиги тушунчаси билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб чиқди.
Ўзи нима бўлганди?
Бундан 5 йил аввал "Charlie Hebdo" журнали Муҳаммад (с.а.в.)ни ҳажв қилиб чиққани учун, таҳририят террорчилик ҳаракати нишонига айланган эди. Унда 12 киши қурбон бўлди.
Ҳужум 2015 йилнинг 7 январь кунига тўғри келган. Судланувчилар эса, икки нафар ҳужумчига қуролли ҳаракатни амалга оширишда кўмак берганликда айбланмоқда. Уларнинг уч нафари сиртдан судланади.
2015 йил 7 январда ака-ука Саид ва Шериф Куашилар Париждаги "Charlie Hebdo" офисига қарата ўт очишди. У ерда ўн икки киши, жумладан саккиз журналист ва рассом ўлдирилган. Ака-укалар 9 январь куни топилган ва ўлдирилган. Шу куни уларнинг шериги Амед Кулибали ўлдирилди, у 7 январь куни Париждаги дўконда гаровга олинган. Ҳужумлар учун жавобгарликни "Ал-Қоида" ва ИШИД ўз зиммасига олган.
Судда 14 гумондор ҳозир бўлди. Хабарларга кўра, суд тингловчи 10 ноябрга қадар давом этади.
Бу сўнгги уч йил ичида Франция ҳудудида содир этилган теракт юзасидан бўлиб ўтаётган илк маҳкама жараёни бўлади.
LiveБарчаси